НОСОЗ ТЕЛЕВИЗОРНИНГ ПУЛИ ҚАЙТАРИБ БЕРИЛДИ

Ўзбекистон истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятлари федерацияси Навоий вилоят ҳудудий бирлашмасига Навоий вилояти Кармана тумани “Янги ариқ” маҳалла фуқаролар йиғини, “Янги ариқ” кўчаси 451-уйда яшовчи фуқаро Фарҳод Баратовдан мурожаат келиб тушган.

Фуқаро мурожаатида Тошкент шаҳридаги Абу Саҳий бозоридан 3 000 000 сўмга бир йил кафолат муддати билан “Pilips” русумли телевизор харид қилгани аммо телевизор кафолат муддати ичида носоз ҳолга келиб қолганидан норозилигини билдириб, ушбу муаммони бартараф этишда амалий ёрдам беришни сўраган.

Мурожаат атрофлича ўрганиб чиқилди, мутахассислар томонидан Тошкент шаҳар Абу Сахий бозори маъмурияти билан боғланилди ва ўрганишлар давомида савдо дўкони сотувчисига Ўзбекистон Республикасининг “Истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида”ги Қонунининг тегишли моддалари бўйича тушунтиришлар берилгандан сўнг фуқаро Ф.Баратовга телевизор учун тўлаган 3 000 000 сўм маблағи қайтариб олиб берилишига эришилди.