ЎЗБЕКИСТОН ХАЛҚАРО ИСТЕЪМОЛЧИЛАР ТАШКИЛОТИГА АЪЗО БЎЛДИ

Ўзбекистон истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятлари федерацияси раиси Ж.Саримсоқовнинг номзоди Халқаро истеъмолчилар ташкилотининг (Consumers International – Си-Ай) Бошқарув Кенгаши аъзолигига илгари сурилди.

Ўзбекистон истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятлари федерацияси раиси Жаҳонгир Саримсоқов бошчилигидаги делегация 11 июль куни Халқаро истеъмолчилар ташкилотининг (Consumers International – Си-Ай) Лондон шаҳридаги глобал офисига ташриф буюрди.

Ташкилот бош директори Аманда Лонг Ж.Саримсоқовга Ўзбекистон истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятлари федерацияси ушбу халқаро ташкилотга тўлақонли аъзо бўлганини тасдиқловчи сертификатни топширди. У федерацияни халқаро ташкилотнинг тўлақонли аъзоси бўлгани билан қутлар экан, Си-Ай билан федерациясининг икки томонлама ва минтақавий лойиҳалар доирасида ҳамкорлигига муваффақият тилади.

Шундан сўнг делегация аъзолари Си-Айнинг Истеъмолчилар ҳуқуқларини тарғиб қилиш масалалари бўйича директори Жастин Мак Миллан ҳамда Стратегик ривожланиш ва коммуникация масалалари бўйича директори Филлипа Ҳант билан музокара ўтказди.

Дастлаб, федерация ҳақидаги видеоролик намойиш этилди. Сўнг Федерация раиси Ж.Саримсоқов охирги йилларда Ўзбекистондаги кенг кўламли ислоҳотлар, айниқса, нодавлат ташкилотлари фаолиятига кўмаклашиш, давлат идоралари фаолияти устидан жамоатчилик назоратини кучайтириш борасида амалга оширилаётган ишлар хусусида сўзлаб берди.

Ф.Ҳант хоним Си-Айда глобал миқёсда истеъмолчилар ҳақларини ҳимоя қилиш борасида олиб борилаётган ишлар, бу борада унга аъзо истеъмолчилар ташкилотлари билан йўлга қўйилган ҳамкорлик принциплари ва йўналишлари хусусида сўзлаб берди.

Учрашув чоғида томонлар Си-Ай билан федерация ўртасида мустаҳкам ҳамкорлик алоқаларини йўлга қўйишга оид масалалар юзасидан фикр алмашди. Шунингдек, Ўзбекистон истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятлари федерацияси раиси Ж.Саримсоқовнинг номзоди Халқаро истеъмолчилар ташкилотининг (Consumers International – Си-Ай) Бошқарув Кенгаши аъзолигига илгари сурилди.

Учрашувда Ўзбекистон Республикасининг Буюк Британия ва Шимолий Ирландия Бирлашган Қироллигидаги элчихонаси ходимлари иштирок этди.