​ҚАРДОШ МАМЛАКАТНИНГ ТУРДОШ ТАШКИЛОТИ ФАРҒОНАГА ТАШРИФ БУЮРДИ

Ўзбекистон истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятлари федерацияси таклифига биноан мамлакатимизга ташриф буюрган Тожикистон истеъмолчилар иттифоқининг Ижрочи директор Илхом Абидов бошчилигидаги делегацияси Фарғона вилоятига ташриф буюрди.

Меҳмонлар ташрифни Фарғона вилоят ҳудудий бирлашмаси иш фаолияти билан танишувдан бошладилар.

Делегация аъзолари ҳудудий бирлашмада ходимларга яратилган иш шароитлари билан яқиндан таништирилиб, улар иштирокида суҳбат ўтказилди.

Суҳбат давомида ҳар икки ташкилот томонидан истеъмолчиларнинг ҳуқуқий билими ва истеъмол маданиятини ошириш, уларни истеъмолчилик ҳуқуқ ва манфааатларини ҳимоя қилиш йўналишида олиб борилаётган ишлар ўзаро ўртоқлашилди.

Тадбир доирасида Ўзбекистон ва Тожикистон давлатлари раҳбарлари: Шавкат Мирзиёев ва Имомали Раҳмон томонидан мамлакатларимиз ўртасида дўстлик, яхши қўшничлик ва ўзаро ҳамкорлик алоқаларини йўлга қўйиш ва янада ривожлантириш борасида олиб борилаётган кенг қамровли ишларга юқори баҳо берилган ҳолда, бу ишларга ҳамоҳанг тарзда Федерация ва Иттифоқ ўртасида ҳамкорлик алоқаларини янада кенгайтириш бўйича таклифлар ўртага ташланди.

Шундан сўнг, делегация аъзолари Марғилон шаҳрига ташриф буюриб, шаҳар истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятининг ўз балансидаги маъмурий биносида жамият иш фаолияти билан яқиндан танишдилар.

Меҳмонларда Федерациянинг республикамиздаги ҳар бир туман ва шаҳарларида қуйи тузилмалари ҳисобланувчи туман ва шаҳар жамиятлари фаолият олиб бораётганлиги, уларнинг айримлари, ҳаттоки, ўз балансидаги биноларга эгалиги, қолган туман ва шаҳар жамиятлари ҳам маҳаллий ҳокимликлар томонидан ижара шартларида, имтиёзли асосларда ўз хизмат хоналарига эгалиги, зарурий оргтехника воситалари билан таъминланганлиги ҳолатлари катта таассурот қолдирди.

Ташриф доирасида меҳмонларни Марғилон шаҳрининг диққатга сазовор жойлари билан таништирилди.