ҚИММАТГА ТУШГАН ХАТО

Элликқалъа тумани “Қирққиз” ОФЙда яшовчи фуқаро Б.Р. Элликқалъа тумани истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятига ёзма равишда мурожаат қилди. Мурожаатда баён этилишича фуқаро Б.Р. 2018 йил 7 март куни шахсий телефонини туман дехқон бозори ҳудудида жойлашган телефон тузатиш устахонасига олиб бориб, телефон экранидаги чангни тозалаш кераклигини айтади. Телефон устаси эса телефонни тозалаш жараёнида сенсорига шикаст етказиб қўяди. Натижада телефон яроқсиз ҳолга келади. Шундан кейин телефон устаси ўз хатосини тушуниб мурожаатчига телефонини Наврўз байрамидан кейин тузатиб беришга имконияти мавжудлиги, унгача телефон сенсорига буюртма бериши кераклигини айтиб истеъмолчи билан ўзаро келишади. 2018 йил 23 март куни мурожаат эгаси Б.Р. келишувга биноан телефонини устага олиб келади лекин уста турли хил баҳоналар қилиб, телефонни тузатиб бермайди. Истеъмолчи Б.Р. кутишга бошқа вақти йўқ эканини, телефон унга жудаям зарурлигини айтади. Уста эса “Озгина сабр қилинг” деган сўз билан кифояланади.Мазкур мурожаат туман истеъмолчилар хуқуқларини химоя қилиш жамияти ходимлари томонидан тегишли тартибда ўрганиб чиқилди. Натижада хизмат кўрсатувчи томонидан ҳақиқаттан истеъмолчига зарар етказилгани аниқланиб, устага истеъмолчи ҳуқуқлари юзасидан тушунчалар берилди. Уста фуқаронинг телефонига етказган зарарини қоплаш учун 200 000 сўм тўлаб берди.