СУД ҚАРЗНИ АСОССИЗ ДЕБ ҲУКМ ЧИҚАРДИ

Косон туман истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятига Косон тумани “Раҳимсўфи” маҳалла фуқаролар йиғинида яшовчи фуқаро Фурқат Эшмуродов ариза билан мурожаат қилди. Мурожаатда таъкидланишича, фуқаро ўзига тегишли ерларини суғориш мақсадида сув етказиб берувчи сув-насосига электр ҳисоблагич ўрнатиб, шартномаси асосида электр энергиясидан фойдаланиб келган, аммо туман электр таъминоти корхонаси ходимлари томонидан фуқарога очилган 45-947-сонли ҳисоб рақамига асоссиз 4 460 000 сўм миқдорида қарздорлик ҳисобланган. Истеъмолчи бу ҳақида ўзини хабардор қилишмаганидан норози бўлиб, туман электр тармоқлари корхонаси раҳбарига мурожаат қилган ва рад жавоби олган.

Шикоят аризасида келтирилган ҳолатни бартараф этиш мақсадида туман  жамияти масъуллари ўрганиш ишлари олиб борди.

Ўрганишлар натижасида фуқаро сувдан фойдаланиш бўйича ўзига тегишли сув насосида ўрнатилган электр ҳисоблагич орқали сарф қилинган электр энергияси тўловларини ўз вақтида тўлаб келганлиги аниқланиб, корхона томонидан ҳисобланган қарздорликни келиб чиқишига томонлар ўртасида тузилган шартномада кўрсатилган ойма-ой ажратилган электр энергия (лимит)ни тўлиқ ҳисобланиши натижасида 4 460 000 сўм нореал қарздорлик вужудга келишига асос бўлгани, бу ҳақида фуқарога ўз вақтида маълум қилинмагани оқибатида истеъмолчининг ҳақли норозилигига сабаб бўлиб, фуқаронинг қонуний ҳуқуқ ва манфаатлари бузилишига олиб келганлиги аниқланди.

Ишда тўпланган хужжатларга асосланиб, туман жамияти қонуний кўриб чиқиш учун Косон туман маъмурий судига фуқаро манфаатини ҳимоя қилиб, шикоят аризаси киритди.

Косон туман маъмурий суди қарорига кўра Косон туман электр таъминоти корхонасининг хатти-ҳаракати ғайриқонуний деб топилиб, таъминотчи корхона зиммасига фуқаро ҳисоб рақамига ҳисобланган 4 460 000 сўм қарздорликни қайта ҳисоб-китоб қилиш мажбурияти юклатилди.