ТУШУНМОВЧИЛИКЛАР ҚАЧОН ТУГАЙДИ!?

Ўзбекистон туман истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятига туманнинг Бўстон қишлоғида яшовчи фуқаро С.Тоштемировнинг хонадонида пластик картали электр ҳисоблагич (смарт картали) бўлишига қарамай унга нисбатан туман Электр тармоқлари корхонаси томонидан 2 047 477 сўм миқдорида қарздорлик ҳисобланганидан норози бўлиб ёзган аризаси келиб тушди.

Мазкур аризада кўрсатилган ҳолатлар жамият ходимлари томонидан ўрганиб чиқилганда истеъмолчининг эски абонентидаги мавжуд 345 000 сўм миқдоридаги қарздорлигини бартараф этмасдан (ўрганув ишлари вақтида 90 000 сўм тўланди), фойдаланишда бўлган мавжуд пластик картали электр ҳисоблагичига янги абонент номер очиб фойдаланиб келаётганлиги ва бу ҳисоблагичдан қарздорлиги мавжуд эмаслиги, эски абонент номеридаги қарздорлик бартараф этилмаганлиги ва ушбу абонент номер ўчирилмаганлиги учун компьютер базасининг ПК дастурида кунбай ҳисоблаб келганлиги ҳамда ҳозирда бу қарздорлик 2 047 477 сўмни ташкил этаётганлиги маълум бўлди.

Ўрганиш давомида аниқланган ҳолатларни бартараф этиш юзасидан туман Электр тармоқлари корхонасига алоқа хати орқали мурожаат қилинди. Мазкур алоқа хатига келган жавоб хатида туман Электр тармоқлари ПК дастурида истеъмолчининг 256 085 сўм миқдорида қарздорлиги мавжудлиги, бу қарздорлик истеъмолчи томонидан қопланган тақдирда ПК электр ҳисоб дастуридан чиқариш мумкинлиги маълум қилинган.

Натижада истеъмолчига нисбатан ҳисобланган 1 701 504 сўм миқдоридаги нореал қарздорлик бартараф этилишига эришилди.