Yangiliklar

Жамоат транспорти жамоатчилик назоратига муҳтожми?

Кундалик турмушимизда жамоат транспортининг алоҳида аҳамияти ва ўрни мавжудлиги барчамизга ойдек равшан. Шу билан биргаликда, юртимизда аҳолига транспорт хизматлари кўрсатиш борасида етарлича муаммо ва камчиликлар тўпланиб қолгани ҳам сир эмас. Муаммо бор экан, унинг қандайдир ижобий ечими ҳам бўлади. Шу боис, мамлакатимизда барча соҳаларда бўлгани каби мазкур соҳада ҳам ислоҳотлар олиб борилмоқда. Асосий фаолият йўналиши истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, уларнинг истеъмолчилик ҳуқуқий билимларини ошириш йўналишида иш олиб бориш бўлган ташкилот вакили сифатида, авваламбор, Конституциямизда истеъмолчининг ҳуқуқлари устуворлиги белгилаб қўйилганлиги, истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисидаги қонунчилик бўйича истеъмолчининг бу борадаги ҳуқуқлари, аҳолига мазкур хизматларни кўрсатаётган корхоналар қандай талабларга амал қилишлари лозимлиги юзасидан фикр билдиришимиз керак бўлади. “Истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида”ги Қонун 3-­моддасида агар Ўзбекистон Республикаси иштирок этган халқаро шартнома ёки битимда истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисидаги Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатларида назарда тутилганидан бошқача қоидалар белгиланган бўлса, халқаро шартнома ёки битим қоидалари қўлланилиши белгилаб қўйилган. Демак, аҳолига шу турдаги хизматларни кўрсатиб келаётган корхоналар юртимизда ички ва ташқи туризмга катта эътибор қаратилаётганини ҳам назарда тутишлари шарт. Бу дегани хориждан келган турист ва транспорт корхонаси ўртасида низо чиқадиган бўлса ва Ўзбекистон Республикаси имзолаган халқаро шартномада амалдаги қонунимизда белгиланган нормадан қатъийроқ норма белгиланган бўлса, корхона ана шу ҳолатдан келиб чиқиб жавоб беришга тайёр туриши лозим. Истеъмолчининг амалдаги Қонунда ва халқаро ҳужжатларда ўз аксини топган ҳуқуқи маълумот олиш ҳуқуқидир. Аҳолига транспорт хизматлари кўрсатиш борасида мазкур норма талабини бажариш учун нима ишлар қилиниши лозим? Айтайлик, истеъмолчи автобус бекатида турибди. У А пунктдан Б пунктга етиб олиши керак. Бекатда истеъмолчи учун зарурий маълумотлар мавжудми? Гарчи пойтахт бекатларида автобусларнинг ҳаракатланиш схемаси, мазкур бекатга қайси йўналишдаги автобуслар келиб тўхташи, қатнаш графиклари каби маълумотлар қўйилган бўлса­да, вилоятларга чиқсангиз бундай маълумотларни топа олмайсиз. Йўловчи бир манзилга бориши учун қайси автобусда бориши мумкинлиги, автобус шу бекатга келиш ёки келмаслиги, келганда ҳам қанча вақтда келиши каби маълумотларни сўраб­суриштиришга мажбур. Энди тасаввур қилинг, ана шу йўл сўраб турган одамнинг ўрнида тилимизни билмайдиган хориждан келган турист бўлса-чи? Бу ҳолда масала янаям жиддийлашади. Демак, биринчи талаб, бу бекатларда истеъмолчилар учун энг зарурий маълумотларнинг қўйилишини таъминлашдан иборатдир. Энг камида бекатда қайси йўналишлардаги автобуслар тўхтаб ўтиши кўрсатилиб, ана шу йўналиш схемаси берилиши, автобусларнинг ҳаракатланиш графиги қўйилиши зарур. Бекатда турган пайтингизда олдингизга автобус келиб тўхтади. Сиз унга чиқдингиз, томошанинг энг қизиғи эса энди бошланди. Автобусда кетиб борар экансиз, бораётган манзил тўғрисида сўраб-­суриштириб, етиб келган­келмаганингиз, ўтиб кетмаслигингиз бўйича йўловчилардан тортиб ҳайдовчигача қайта­-қайта эслатиб боришингизга тўғри келади. Сабаби, автобус ичида истеъмолчининг маълумот олиш ҳуқуқини таъминлаб берилмагани. Аслида, автобусга чиққанингиздан сўнг, ҳар бир бекатга етиб келиш олдидан у қайси бекатга келиб тўхтаётгани тўғрисида маълумот берилиши лозим. Шунда қанча­қанчадан савол-­сўроқ, асаббузарликларнинг олди олинади. Хориж мамлакатларида йўловчилар автобуснинг олд эшигидан чиқиб, орқа эшигидан тушадилар. Сабаби, йўловчи автобусга олд эшикдан чиқиши жараёнида тўловни амалга оширади ва манзилига етганида орқа эшикдан тушиб кетаверади. Бунда албатта тўлов тизимининг  автоматлаштирилгани ҳам ўзига хос роль ўйнайди. Бизда эса ёнингизга келиб тўхтаган автобуснинг қайси эшиги очилса ёки одам қайси томондан камроқ тирбанд бўлса, ўша томонига чиқиб олаверамиз. Агар кондуктор бўлса хўп­-хўп, сиздан тўловни ундириб олиш учун амаллаб ёнингизга келар. Агар у бўлмаса сиз олд эшикка томон силжиб боришингиз ва одамлардан сўраб суриштириб, манзилингизга яқин қолганда эшик ёнида бўлишингиз талаб этилади. Бўлмаса, нафақат  ҳайдовчидан, балки йўловчилардан ҳам дакки эшитиб оласиз. Энди тўлов масаласи. Пойтахт автобусларида йўл кира ҳақи 1200 ёки 1300 сўм бўлишини тасаввур қилиш мумкин. Сабаби, иккита минг сўмлик пул берган йўловчига мос равишда 800 ёки 700 сўм қайтим сифатида берилади. Лекин юртимизнинг чекка туманларида ушбу ҳолат қандай ечим топмоқда? Ҳам ҳайдовчи, ҳам кассир, ҳам корхонасининг пул тушуми режасини бажаришга масъул бўлган автобусни бошқариб бораётган шахс томонидан сизга қайтим сифатида гугурт ёки сақич берилишидан ҳимояланмагансиз. Кимдандир майда пул тушиб қолса­ку, бахтингиз, бўлмаса қўлингизни дуога очиб кетаверасиз.  Тўғри, бугун автоматлаштирилган тизим жорий қилиниши бу муаммони ечиб беришига кўпчилигимиз ишонамиз. Лекин унга қадар мазкур масала одамларни норози қилишда давом этади. Хориж мамлакатларида аҳолига жамоатчилик транспорти хизматини кўрсатаётган корхоналар ва жамоатчиликнинг ўзи ҳам ҳайдовчи қўлига пул ушлатмасликка интилишади. Тўлов тизими жорий қилинаётганда масаланинг шу томонларигача эътиборга олинади. Натижада ҳайдовчи фақатгина йўловчиларни йўл ҳаракати қоидаларига қатъий амал қилган ҳолда хавфсиз ташишнигина ўйлайди. Унинг зиммасида “план” йўқ. Бизнинг бугунги ҳолатимизда эса ҳайдовчи қанча пул топширишидан қатъий назар, у тушумдан уриб қолаётгандек туюлаверади. Негаки, у қўлига пул ушлайди, ҳисоб-­китоб қилади, қайтим қайтаради, “дуолар олади”. Албатта, соҳани яна биз билган ва билмаган нозик томонлариям борки, уларга тўхталиб ўтирмаймиз. Шунинг билан биргаликда, халқимизда “проездной” деб аталадиган, транспортда муайян вақт юриш ҳуқуқини берадиган чипта тури ҳам борки, мазкур масалага ҳам бироз тўхталиб ўтиш жоиз. Пойтахтда автобус йўналишларига битта корхона “Тошшаҳарйўловчитранс” МЧЖ томонидан хизмат кўрсатилади ва йўловчининг қўлига берилган ойлик йўл чиптаси барча автобус йўналишларида қабул қилинади. Лекин туман ва шаҳарларда ҳудудни тўлиқ қамраб олган бундай корхоналар йўқ. Натижада сиз сотиб олган “проездной” бир йўналишга ўтса, иккинчи йўналиш томонидан тан олинмаслик ҳолатлари бор. Сабаби йўналишларга бошқа-­бошқа корхоналар хизмат кўрсатади. Барча корхоналар учун умумий ойлик йўл чиптасини жорий қилиш масаласи эса тўлиқ ҳал қилинмаган. Шунинг учун ҳам хориж мамлакатларида тўлов тизими марказлаштирилган бўлиб, сиз сотиб олган транспорт картаси транспортнинг барча турлари (автобус, троллейбус, трамвай, метро) учун ўтади. Истеъмолчининг маълумот олиш ҳуқуқи тўғрисида гап кетар экан, автобус салонида бўлиши шарт бўлган маълумотлардан яна бири бу йўналишга хизмат кўрсатувчи корхона тўғрисидаги ва ҳайдовчи тўғрисидаги маълумотлардир.Салонда ана шу маълумотларнинг бўлиши аҳоли томонидан жамоатчилик назорати олиб борилиб, айрим масалаларни жойида ҳал қилиш  имкониятини беради. Биз юқорида жамоат транспорти тўғрисида фикрлар билдирганда, фақатгина аҳолига автобусларда хизмат кўрсатиш масаласигагина тўхталдик. Зеро, юртимиз туман ва шаҳарларида энг кўп тарқалган жамоат транспорти ҳам шулардир.

 

Ғайрат Маматқулов,

Ўзбекистон истеъмолчилар

ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятлари

федерацияси Фарғона вилояти ҳудудий

бирлашмаси раиси ўринбосари