Yangiliklar

Яна автомобил муаммоси…

Бугун автомобил олиш учун тўлов қилиб, сўнгра уни кутиб, сарсон бўлишдан чарчаган фуқароларимиз Ўзбекистон Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятлари Федерациясига муаммоларига ечим излаб, тез-тез мурожаат қилишади.

Ўзбекистон Республикаси Президенти ишонч телефонига мурожаат қилган Мамур Нуриддинов ҳам “Lion motors” МЧЖ билан Nexia-3 русумли автомашинасини олиш учун шартнома имзолаб, 88 млн 660 минг 620 сўм миқдорда тўловни амалга оширган.

Шартномага кўра сентябрда ўз автомобилини олиши керак бўлган фуқаро бугунга қадар кутиш билан овора. Унинг аризасини ўрганиб чиққан Ўзбекистон Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятлари Федерацияси ходимлари томонидан “Lion motors” МЧЖ ходимларига истеъмолчининг қонуний ҳуқуқлари юзасидан тушунтириш ишлари олиб борилди. Шундан сўнг жорий йилнинг 13 октябр куни автомашина ўз эгасига етказиб берилди.