Yangiliklar

“Имкон” лотереясидан 50 миллион сўмни ютган юртдошимиз ўз ютуғини ололмаяпти… бунга “Халқ банки” қандай муносабат билдиради?

Бир зумда бой бўлиб қолиш орзуси… Ким ҳам кўп пулга тез фурсатда эга бўлишни истамайди дейсиз. Лотереялар тарихига назар ташласак, омадли инсонлар турли лотерея ўйинларида иштирок этиб, катта миқдордаги пулларни ютиб олишганини гувоҳи бўламиз.

Аслида мўжиза каби туйилган бундай ютуқли ўйинлар асрлар оша инсонларни ўзига қизиқтириб, жалб этиб келмоқда. Аммо бундай омадлиларга кулиб боқувчи ўйинлар ҳар доим ҳам ҳаққоний бўладими? Савол тайин, жавобни эса олис ўтмишдан эмас, шу кунларда бўлаётган воқеаларга қаратсак…Бугун тижорат банклари томонидан турли ютуқли лотереялар ўйинга қўйилади. 3000 сўм, 5000 сўм…арзимас сумма бўлиши мумкин.

Аммо минглаб фуқароларга пулланадиган бундай лотереялар атрофида миллионлаб маблағлар айланади. “Халқ банки” томонидан чиқарилган “Имкон” лаҳзали пул лотереясини харид қилиб, ўйнаган жиззахлик юртдошимиз Зоҳида Абдухалилова ҳаётида ҳам мўжиза юз берди…Қандай дейсизми? У ушбу лотереядан 50 миллион сўм пул ютуғини қўлга киритди.

Ютуқли лотереяни олиб, қувончлари ичига сиғмаган Зоҳида “Халқ банки” томон йўл олади. Оз фурсатда пул ютуғини қўлга киритаман деб ўйлаган юртдошимиз, қаттиқ адашганини бугун англамоқда. Июль ойида лотереядан ютуқни қўлга киритган, амма ҳанузгача ўз ютуғини қўлга кирита олмаяпти. Бунинг боиси не дея суриштирганимизда –“Банк ходимлари лотереядаги рақамларни ўчираётганимда бехосдан пастдаги “ўчирилмасин” ёзуви остидаги рақамлар ҳам ўчиб кетгани сабаб қилиб келтиришмоқда” деди қувончи узоққа чўзилмаган юртдошимиз.

Аммо чиндан ютуқни қўлга киритган бўлса, банкда унинг кодини аниқ текшириш имкони бўлса, нима учун бундай ҳолат юз бермоқда?Бундай кўзбўямачиликдан кимга наф? Аслида бундай ўйинлар одамларни алдаш учун қилинмоқдами, саволлар кўп… жавоб беришга келганда эса кимдан жавоб олишни билмайсан киши. Кимнингдир пешонасига омад бўлиб ёзилган ризқи бошқаларга буюрмаслиги тайин. Шу боис “Халқ банки” мутасаддилари бу масалага жиддий қараб, тўғри ечим топишларига умид билдирамиз. Зеро, “Имкон” кимгадир чиндан имконият бериши лозим наздимизда.

Қаҳрамон Шерматов, Ўзбекистон Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятлари Федерацияси етакчи мутахассиси