Yangiliklar

Қурилиш ташкилотининг совуққонлиги: фуқаронинг на ижара пули тўланган ва на уй топширилган

Самарқанд шаҳар истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятига Самарқанд шаҳрида яшовчи М.Э. уч йилдан буён ваъда қилинган уй-жойни ололмасдан сарсон юрганлиги юзасидан мурожаат қилди.
Фуқаронинг мурожаатида Самарқанд шаҳар ҳокимининг 2015 йил 22 июндаги қарорига асосан Самарқанд шаҳар, Рудакий кўчасида истиқомат қилувчи фуқаро М.Э. билан “AZIMJON BARAKA QURULISH” МЧЖ ўртасида 2015 йил 23 мартда кўп қаватли турар жойни қуриш бўйича шартнома тузилганлиги қайд этилиб, фуқаро М.Э.га тегишли бузилишга тушган уй-жойга товон тариқасида янги қурилаётган кўп қаватли уй-жойнинг 2 қаватидан битта уч хонали уй-жой ажратилганлиги айтилади. Шартномада кўп қаватли турар жой 2016 йилнинг биринчи чорагида қуриб битказилиши лозимлиги кўрсатилган.
Самарқанд шаҳар ҳокимлигининг оғзаки топшириғига асосан “AZIMJON BARAKA QURULISH” МЧЖ уларга 2015 йил учун ижарада яшаши ҳамда мол-мулкларини кўчириб кетиши учун 1 600 АҚШ доллари миқдорида пул тўлаган.
Аммо 2016 йилнинг биринчи чорагида турар жой қуриб битказилмаган. Шундан сўнг, “AZIMJON BARAKA QURULISH” МЧЖ раҳбарияти ва фуқаро М.Э. ўртасида уй-жой битказилгунга қадар ҳар ой 100 АҚШ доллари миқдорида ижара ҳақи тўлаб боришга оғзаки келишув бўлган.
Бироқ, 2016 йилнинг апрелидан 2019 йилнинг август ойига қадар “AZIMJON BARAKA QURULISH” МЧЖ на ижара пулини тулаган, ва на фуқаро М.Э.га белгиланган уйни топширган.
Самарқанд шаҳар истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамияти аъзоси бўлган М.Э.нинг талабига асосан Фуқаролик ишлари бўйича Самарқанд шаҳар судига даъво ариза киритилди.
Фуқаролик ишлари бўйича Самарқанд шаҳар судининг ҳал қилув қарорига кўра, фуқаро М.Э.нинг фойдасига ўтган давр учун 37.492.000 сўм ижара ҳақи, 25.004.542 пеня ва 300.000 сўм маънавий зарар ундирилиши белгиланди.
Қарордан тарафлар қаноатланмаганлиги сабаб Фуқаролик ишлари бўйича Самарқанд вилоят судига апелляция тартибида шикоят келтиришди.
Фуқаролик ишлари бўйича Самарқанд вилоят судининг 2019 йил 29 октябр кунги ажримига асосан жавобгар “AZIMJON BARAKA QURULISH” МЧЖдан М.Э. фойдасига 37.492.000 сўм ижара ҳақи, 3.647.340 сўм пеня, 1.500.000 сўм маънавий зарар, жами бўлиб 42.639.340 сўм ундириш белгиланди.
Мурожаатга оид ҳужжатлар билан танишар эканмиз, қурилиш ташкилотлари нега ўз ишларига бунчалик совуққонлик билан қарашади, нега уларнинг масъулиятсизлиги сабаб оддий фуқаролар зарар кўришлари керак, деган савол пайдо бўлди.
Фуқарони алдаш кимга керак бўлиб қолди? Бу саволларга кун келиб жавоб олармиз. Лекин масаланинг бошқа томони – ҳақиқат қарор топди. Истеъмолчининг бузилган ҳуқуқлари тикланди.
Самарқанд вилоят истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятлари ҳудудий бирлашмаси