Yangiliklar

“Буюк мақсадларга эришиш кафолати….”

“Агар уйингизда китоб учун жавон бўлмаса, сиз билан суҳбатлашиш бефойда ва мен буни рад этаман”

                                                 Терри Пратчет

 Бугун замонавий кўринишга эга кутубхонаси ёки китоб савдоси билан шуғулланадиган китоб дўкони мавжуд бўлмаган туманнинг ёшлари кўп нарсани йўқотмоқда дейиш мумкин. Албатта интернет мавжуд замонда китобга қанчалик эҳтиёж бор дейишингиз мумкин, китобни қадрини билган, уни варақлаб ўқишдан ҳузурланадиган авлод бор экан эзгуликлар йўқолиб кетмайди. Фарғона вилоятининг Фарғона тумани, Водил қишлоғида Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш федерацияси томонидан  навбатдаги “Истеъмолчи кутубхонаси” ва туман истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамияти маъмурий биносини ўзида мужассам этган яхлит “Истеъмолчилар уйи” комплекси қуриб битказилиб, фойдаланишга топширилди.

Водийлик болажонлар учун қувонч улашган мазкур кутубхонани Президентимиз Шавкат Мирзиёев томонидан илгари сурилган ёшлар маънавиятини юксалтириш ва уларнинг бўш вақтини мазмунли ташкил этиш бўйича 5 та муҳим ташаббуснинг ҳаётга жорий қилиниши бўйича намуналардан бири дейиш мумкин. -Қишлоғимизда шундай ажойиб кутубхона очилганидан жуда ҳам хурсандмиз, –  дейди мактаб ўқувчиси Оминахон Аҳтамжонова

     “Истеъмолчилар уйи”нинг тантанали очилиш маросимида Федерация раиси Ж.Саримсоқов ҳамда Фарғона туман ҳокими И.Носиров иштирок этди. “Истеъмолчилар уйи”нинг иккинчи қавати бугунги долзарб муаммолардан бири бўлган, аҳолига қўшимча янги иш ўринларини яратиш мақсадида тадбиркорлик фаолиятини олиб бориш учун мослаштирилди.

   Хусусан, ҳозирда бу ерда туман ҳокими Илхомжон Носиров ташаббуси билан тикувчилик цехи фаолияти йўлга қўйиладиган бўлди. Натижада 10 та янги иш ўринлари яратилишига эришилди.

 “Истеъмолчи кутубхонаси” Ўзбекистон Республикаси қонунлари ва истеъмолчилик соҳасидаги муносабатларни тартибга солувчи норматив ҳужжатлар, сиёсий-иқтисодий қўлланмалар, маърифий, бадиий, илмий оммабоп китоблар, республикамизда нашр қилинадиган газета-журналлар билан таъминланган.