Yangiliklar

Болалар мебели алмаштирилди

Ўзбек халқи азалдан шундай: энг яхшисини, энг чиройлисини, энг қимматини фарзанди учун харид қилади. Кўзининг оқ-у қораси учун мисқоллаб йиққанини ҳовучлаб сарфлашга тайёр бу миллат. Кичкинтой дунёга келган куниёқ, унинг саломатлиги хақида қайғуриш, унинг ором олиши учун барча шароитларни тайёрлаш эса, ҳар бир ота-она учун ёқимли, алоҳида эхтиёткорлик талаб этадиган жараёндир. Мебель ранги, бўёқ сифати, ёғоч турини алоҳида инобатга олиш керак. Тадбиркорларимиз томонидан ишлаб чиқарилаётган айнан болалар мебеллари ҳақида сўз кетганда савол туғилади: “Бугун ички бозорда ишлаб чиқарилаётган мебелларнинг барчасига ҳам “сифатли” жумласини ишлатиш ўринлимикан?” Ҳа дейишга шошилманг. Ўзбекистон Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятлари федерацияси ишонч рақамига қўнғироқ қилиб, мурожаат йўллаган истеъмолчи Д.Муҳаммедова болалар мебели сифатидан норози. Фуқаро “Саид Файз Мебель” ХК дан 2.300.000 сўмга болалар мебели харид қилган эди. Аммо харид уйга етказилгач, мебелнинг кўзга ташланадиган камчиликлари табини хира қилди. Тадбиркорга билдиришига қарамасдан ҳеч қандай натижа кузатилмагач, “Истеъмолчилар хуқуқи химоячиларига” мурожаат қилди. Қисқа фурсатда Бухоро шаҳар жамияти раиси К.Хафизов аралашуви билан истеъмолчига сотилган болалар мебели сифатлисига алмаштириб берилди. Истеъмолчи хуқуқи тикланди.

Амирхон Аҳмадов