Uncategorized

Истеъмолчилар форуми доирасида ялпи мажлислар бошланди

Аввал хабар қилинганидек, Тошкентда Биринчи Европа ва Осиё мамлакатлари истеъмолчилар форуми бўлиб ўтмоқда.

Анжуманда Халқаро истеъмолчилар ташкилоти, Халқаро истеъмолчилар жамиятлари конфедерацияси масъул ходимлари, Буюк Британия, Жанубий Корея, Россия, Ҳиндистон, Туркия сингари мамлакатлар, шунингдек, Марказий Осиё давлатлари истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ташкилотлари, Россия сифат назорати (Роскачество) вакиллари иштирок этмоқда.
Форумнинг биринчи ялпи мажлиси “Туризм соҳасида истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш” мавзусига бағишланди. Шунингдек, “Электрон тижорат ва рақамли маҳсулотлар савдоси соҳасида истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш”, “Барқарор истеъмол маданияти” масалалари юзасидан ҳам мунозаралар уюштириш кўзда тутилган.
— Мазкур форум Европа ва Осиёда, жумладан, Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлиги ҳудудида жойлашган мамлакатлар учун муҳим аҳамиятга эга, — дейди Халқаро истеъмолчилар ташкилоти президенти Маримуту Надасон. — Сабаби, ўзига хос нуфузга ва истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш соҳасида катта тажрибага эга ташкилотимизга 121 мамлакат аъзо. Демак, икки қитъадан тўпланган давлатлар вакиллари ўртасида фикр алмашиш жуда фойдали ва қизиқарли. Бу, айниқса, янгиланаётган Ўзбекистон учун айни муддао. Масалан, рақамли технологиялар бўйича шўъба йиғилиши кун тартибига қўйилиши кўпчиликка маъқул бўлди. Чунки бугунги кунда замонавий технологиялар бозори жадал суръатда кенгаймоқда. Аксарият истеъмолчилар реал етказиб берувчи орқали олишдан кўра, маҳсулотни электрон усулда харид қилишни афзал кўряпти. Бу куч, вақт ва бошқа воситаларни тежаш имконини беради. Анжуман давомида шунга ўхшаш яна қатор масалаларни муҳокама қилиш ниятидамиз.

Илк бор ўтказилаётган форум мамлакатимизда истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тизимини янги босқичга кўтариш йўлидаги дастлабки қадамдир.