Yangiliklar

Конфедерация раҳбари энди Фарғонага меҳмон бўлди

Халқаро истеъмолчилар жамиятлари конфедерацияси (КонфОП) бошқаруви раиси Дмитрий Янин “Биринчи Европа ва Осиё мамлакатлари истеъмолчилари форуми” доирасида Фарғона шаҳрига ташриф буюрди.
Ташрифнинг биринчи кунида меҳмон Ўзбекистон истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятлари федерацияси раиси Жаҳонгир Саримсоқов ҳамроҳлигида Фарғона вилоят ҳудудий бирлашмаси ва туман (шаҳар) жамиятлари раҳбарлари билан учрашди.

Учрашувда иштирокчиларга Халқаро истеъмолчилар жамиятлари конфедерацияси ва унинг мақсад ҳамда вазифалари, шунингдек Конфедерация томонидан амалга оширилаётган ишлар хусусида маълумотлар берилди.

Меҳмонга Федерациянинг Фарғона вилоятидаги ҳудудий органларида амалга оширилаётган ишлар тақдимоти кўрсатилди. Соҳада эришилаётган ютуқлар, тизим ташкилотларини қийнаб турган муаммолар ўртага ташланди. Бу борада хориж тажрибаси юзасидан маълумотлар ўртоқлашилди.

– Европада ҳам Осиёда ҳам Ўзбекистон истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятлари федерацияси каби истеъмолчиларнинг йирик жамоат бирлашмаси йўқ. Бу борада йўлга қўйган тизимингиз ўзига хосдир”, – деди Конфедерация раҳбари учрашув давомида. – Лекин шунинг билан биргаликда соҳада ечимини кутаётган муаммолар ҳам бор. Конфедерация ана шу муаммоларни ҳал қилишда Федерация ва унинг ҳудудий органларига амалий ва услубий ёрдамларни кўрсатишга доим тайёр.

Шундан сўнг, Конфедерация бошқаруви раиси Д.Янин Федерация раиси Ж.Саримсоқов ва тизим масъул ходимлари ҳамроҳлигида “Истеъмолчи кутубхонаси” лойиҳаси доирасида Фарғона шаҳрида амалга оширилаётган бунёдкорлик ишлари билан танишди. Меҳмон “Истеъмолчи кутубхонаси” ва “Истеъмолчи уйлари” лойиҳалари доирасида амалга оширилаётган ишларга ҳам юқори баҳо берди.

Ташрифнинг биринчи кунида Марғилон шаҳридаги “Ёдгорлик” фабрикаси ва Давлат хизматлари маркази фаолияти ҳам меҳмонда катта таассурот қолдирди.