Yangiliklar

Истеъмолчиларга 145 миллиондан зиёд пул маблағи қайтариб берилди

Ўзбекистон истеъмолчилари ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятлари федерациясига 1091 ишонч телефони орқали Фарғона вилояти фуқароларидан бир хил мазмундаги шикоят аризаси келиб тушган. Унга кўра, Фарғона вилояти, “Умид авто лизинг” МЧЖ номи остида фаолият юритаётган тадбиркор бир неча маротаба лизингга машина харид қилиш учун борган харидорларнинг ҳафсаласини пир қилган.

Фарғона вилояти Қува тумани Жалаер қишлоғида истиқомат қилувчи М. Исмоилов исмли фуқаро ушбу МЧЖ га “Нексия 3” русумли машина учун шартномага кўра, ўз вақтида бошланғич тўлови 33 582 266 сўм бўлган пулни тўлаб, 5 ой ичида олиб кетишга келишган, аммо муддат йил охиригача чўзилган. Кўп жойга мурожаат қилиб, нажот топмаган фуқаро Ўзбекистон истеъмолчилари ҳуқуқуларини ҳимоя қилиш жамиятлари федерациясига мурожаат қилган. Федерация томонидан судга даъво аризаси киритилган ва истеъмолчининг пули тўлиқ қайтариб олиб берилган.

Худди шу ҳолат Қува туманининг Сойгузар қишлоғида яшовчи М. Сайдорипова билан ҳам юз берган. У ҳам “Нексия 3” автоулови учун ўтган йилнинг 13 февралида 34 750 000 сўм олдиндан тўлов қилган, 5 ой муддатда чиқариб беришга ваъда қилинган машина қарийб бир йил муддатда ҳам чиқмаган яъни 2020 йилнинг 21 январи куни Федерация ходимларининг аралашуви билан берган суммаси қайтариб олиб берилган.

Риштон туманинг Оқ йер қишлоғи фуқароси Х. Ўлмасовни ҳам автомобил учун 347 500 000 сўм олдиндан тўлаган пули “машина ерта чиқади, индин чиқади” каби турли алдовлар билан 1 йил муддатга чўзиб юрган. Федерация фаолияти билан таниш бўлган фуқаро мурожаат қилган ва пули тўлиқ миқдорда қайтариб олиб берилган.

Қува тумани Янги қишлоқ маҳалласида яшовчи Х. Тўйчйев ҳам ушбу МЧЖ га 42 400 000 миқдорда Cobalt автомобили учун олдиндан тўлов қилиб, на машинасини ололган ва на пулини. Сўнг Фарғона шаҳар Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятига шикоят аризаси билан мурожаат қилиб, пулини қайтариб олган.

Таъкидлаб ўтиш жоизки, ушбу МЧЖ устидан қилинган шикоятларнинг сони 64 тага етди. Бу ҳали бизга маълум бўлган ҳолатлар, маълум бўлмагани қанча экан буниси фақат “тадбиркор”га аён. Яна қанча харидорларнинг норозилигига сабаб бўлмоқчи ва бундан кўзлаган асосий мақсади нима ўзи? Ҳурматли истеъмолчилар, бу каби ҳолатларга лоқайдлик қилмайлик, акс ҳолда авж олиб кетиши ҳеч гап емас. “Тадбиркор” га эса инсоф тилаймиз.