Yangiliklar

1091 қисқа рақамига 2019 йилда қанча мурожаат келиб тушган?

Ўзбекистон истеъмолчилар ҳуқуқини ҳимоя қилиш жамиятлари федерациясида ташкил қилинган 1091 қисқа рақамли ягона ишонч телефонига фуқаролар томонидан жами 2242 та мурожаатлар келиб тушган бўлиб ушбу мурожаатларнинг қонунчиликда белгиланган тартибда кўриб чиқилиши натижасида 2107 таси ижобий ҳал этилишига эришилди.

Мазкур ижобий ҳал қилинган мурожаатлар натижасида 2 623 025 419 (икки миллиард олти юз йигирма уч миллион йигирма беш минг тўрт юз ўн тўққиз) сўм маблағ истеъмолчилар фойдасига ундирилган.

Бугунги кунда фуқароларимизга янада қулайлик яратиш мақсадида уларнинг тегишли мурожаатлари Федерация тизимида ташкил қилинган 1091 қисқа рақамли ягона ишонч телефони, Федерациянинг виртуал қабулхонаси, Бош прокуратуранинг электрон дастури (crm.trask.uz) ҳамда Президентга мурожаат портали орқали қабул қилиб келинмоқда. Бунда фуқаро (истеъмолчи)лар реал вақт режимида мурожаатларини қолдиришлари мумкин.

Федерация тизимида ташкил этилган “Истеъмолчи билан мулоқот” ҳуқуқий маслаҳатхоналарига мазкур ҳисобот даврида фуқаролардан жами 6394 та ҳуқуқий маслаҳатлар сўраб мурожаатлар келиб тушган (Мазкур кўрсатгич ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 1321 тага ошганлиги кузатилди) ва ушбу мурожаатларнинг 3521 таси бўйича фуқароларга қонун талаблари юзасидан тушунтиришлар, 189 та мурожаат юзасидан давлат ва назорат қилувчи органларга, 64 та мурожаат юзасидан эса суд органларига мурожаат қилиш таклифлари берилди.