Yangiliklar

БУГУНГИ КУННИНГ ДОЛЗАРБ МАСАЛАСИ ЁХУД СИФAТСИЗ ДОРИЛAР ВА МАИШИЙ ТЕХНИКА МОЖAРОСИ

Айтиш жоизки, инсонларнинг саломатлиги учун дори-дармон воситаларининг сифат даражаси юқорилигини кафолатлаш бугунги кун талаби. Aммо ҳамма ҳам бу масъулиятни ҳис қилавермайди.

Хатирчи тумани “Оқтепа” МФЙда яшовчи фуқаро И.Рустамов Ўзбекистон истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятлари федерацияси Навоий вилояти Хатирчи туман жамиятига шикоят аризаси билан мурожаат қилган. Мурожаатда келтирилишича, фуқаро Тошкент шаҳрида фаолият юритаётган дорихоналарнинг биридан 4 160 000 сўмлик дори воситаларини сотиб олган. Аммо дори воситалари сифатсиз чиққан. Бундан норози бўлиб, Жамият ходимларидан ёрдам сўраган. Ушбу мурожаат юзасидан Жамият ходимлари ўрганиш натижасида фуқаро сотиб олган дори воситалари сифатсизлиги маълум бўлди. Ушбу воситалар харид қилинган 4 160 000 сўм маблағи истеъмолчига ундириб берилди.

Бундан ташқари фуқароларимиз маиший техника борасида ҳам сифатсиз маҳсулотларга дуч келиб қолишяпти. Мисол учун яқинда Ўзбекистон истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятлари федерацияси Навоий шаҳар жамиятига фуқаро А.Зайнутдинов мурожаат қилди. Унда, фуқаро Навоий шаҳрида жойлашган “Диёр Хаким Навоий” МЧЖга қарашли савдо дўконидан 3 870 000 сўмга сотиб олган “Aртел” русумли кондиционер сифатсиз чиққанлигидан норозилигини билдирган.

Мурожаат Жамият мутахассислари томонидан жойида бориб ўрганиб чиқилганида, ҳақиқатдан ҳам кондиционер сифатсиз ва носоз ҳолда эканлиги кузатилган.

Шундан сўнг, савдо ходимига фуқаронинг истеъмолчи сифатида ҳуқуқлари ҳамда Ўзбекистон Республикасининг “Истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида”ги Қонунининг тегишли моддалари юзасидан тушунчалар берилди.

Натижада истеъмолчининг кондиционер учун тўланган 3 870 000 сўм пул маблағи Жамият томонидан олиб берилди. Яна бир ҳолат  2020 йил 24 январь куни Навоий шаҳрида истиқомат қилувчи фуқаро А.Сафаров Навоий шаҳар истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятига ёзма мурожаат қилиб, 2 400 000 сўмга сотиб олган “Samsung” русумли телевизори носозлигидан шикоят қилган. Ҳолат Жамият мутахассислари томонидан ўрганиб чиқилганда, ҳақиқатда ҳам телевизорда нуқсонлар борлиги ҳамда носоз эканлиги кузатилди ва телевизор янгисига алмаштириб берилди.