Yangiliklar

Истеъмолчига қайтарилган миллионлар

Яқинда Ўзбекистон истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятлари Федерациясининг 1091 “Ишонч телефони”га , Қашқадарё вилояти Қарши туманида яшовчи фуқаро З.Эронов мурожаат қилди. Унга кўра Қарши туманида жойлашган Батош массиви 1/81 Б уй (намунавий)га 17 155 910 (ўн етти миллион бир юз эллик беш минг тўққиз юз ўн )сўм ўтказиб, лекин 2 йилдан буён “21 аср хусусий инвест” МЧЖ томонидан қуриб топширилмаётганлигидан норози эканлигини, ушбу ҳолатга аниқлик киритиб, ижобий ҳал қилиб беришини сўраган. Мурожаат ўрганилиши натижасида “21 аср хусусий инвест” корхонаси томонидан 17 155 910 сўмлик нуқсонли қурилиш-монтаж ишлари бажарилмаганлиги аниқланиб, ушбу ҳолат юзасидан далолатнома тузилди ва Федерация аралашуви билан 17 155 910 сўм истеъмолчининг банкдаги ҳисоб рақамига ўтказиб берилди.
Яна бир ҳолат, Жиззах вилояти Зомин туманида яшовчи фуқаро Д.Холмуродов билан содир бўлди. Фуқаро мурожаатига кўра жорий йилнинг 10-январида Жиззах шаҳрида жойлашган дўконларнинг биридан 6 900 000 сўмлик мебел сотиб олган, аммо мебел сифатсиз чиққанлиги етмагандек сотувчи уни алмаштириб беришни ҳам рад етган. Ушбу ҳолатдан кейин фуқаро Федерацияга ёрдам сўраб, мурожаат қилишга мажбур бўлган. Федерациянинг Жиззах шаҳар жамияти ходимлари томонидан ўрганиш ишлари олиб борилиб, мурожаатчининг талабига кўра сифатсиз чиққан меҳмонхона мебели янги ва сифатлисига алмаштириб берилди. Ҳурматли истеъмолчи, унутманг, ҳуқуқ ва манфаатингиз қонун ҳимоясида!