Yangiliklar

Истеъмолчилар кимга мурожаат қилишни билади.

Яқинда ижтимоий тармоқлар орқали “ Ўзбекистон истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятлари федерацияси Бухоро вилояти ҳудудий бирлашмаси ходимлари тўйларни асоссиз текширяпти” деган  асоссиз видеолавҳа тарқаган эди. Аслида бу ёлғон маълумот эканлигини видеомурожаат қилган Учқун Турсуновнинг ўзи тасдиқлади ва шахсий ғаразлиги туфайли бу ишга қўл урганлигини, бу ишидан афдсусда эканлигини айтиб, Федерация ходимларидан кечирим ҳам сўради. Ушбу ҳолат юзасидан Монополияга қарши курашиш қўмитаси расмий баёнот берди. Унда бу ҳолатга уларнинг мутлақо алоқаси йўқлигини, фуқаролардан Истеъмолчилар  ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятлари федерацияси ва Монополияга қарши курашиш қўмитаси ҳузуридаги Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш агентлиги билан адаштирмаслигини сўраган.

Хабарингиз бўлса, яқинда ушбу икки ташкилотга бўлган мурожаатлар сонини ва халққа ундириб берилган сумма кўрсаткичларини таққослаб, материал жойлаштирган эдик. Унга кўра  2019- йил сарҳисоби бўйича  Ўзбекистон истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятлари федерациясига  10261 та ариза келиб тушган бўлса, 9736 таси яъни 94, 9 % и ижобий ҳал этилиши натижасида истеъмолчилар фойдасига жаъми  10 174 967 565 (ўн миллиард бир юз етмиш тўрт миллион тўққиз юз олтмиш етти минг беш юз олтмиш беш) сўм етказилган зарар қайта ҳисоб-китоб қилиб берилган. Ҳудди шу функцяни бажарувчи, давлат тасарруфидаги Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш агентлигига эса 135 кун давомида 1300 дан ортиқ истеъмолчи мурожаат қилган ва 312 млн сўм дан ортиқ маблағ мурожаатчилар фойдасига қайта ҳисоб-китоб қилиб берилган эди. Кўриб турганингиздек, аҳолининг асосий қисми агентликка эмас, асосан Федерацияга  мурожаат қилган. Бу сезиларли кўрсаткич албатта. Энди эса қандай қилиб фуқаро бу икки ташкилотни ажратолмаслиги мумкин?  Истаймизми йўқми сиз билан биз тўлаётган солиқлар эвазига молиялаштирилган ушбу агентликдан  истеъмолчи кўпроқ нарса кутишни ўрнига умидини ҳам узиб қўйгандек гўё.  Халқ  монополия туфайли  азият чекаётган бир пайтда қайси ташкилот қандай ваколатга эга эканлиги ёки ажратиб беришига муҳтож эмас, балки монопол ташкилотлардан  ўз сўзини айтишини, монополияга қарши чинакам курашини кутади. Шундай ҳолатда Қўмита асосий иши юзасидан эмас, балки икки ташкилотни ажратиб олишини сўраб, баёнот бергани бироз ғалати.

Яна бир бор таъкидлаш керакки, истеъмолчилар кимга мурожаат қилишни яхши билади.

Ҳурматли истеъмолчи, юқоридаги фикрлардан хулосани ўзингизга ҳавола қиламиз. Биз ҳамиша сиз томон!

Ҳурмат билан,

Ўзбекистон истеъмолчилар ҳуқуқларини

ҳимоя қилиш жамиятлари федерацияси матбуот хизмати.