Yangiliklar

…“Истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида”ги Қонун қабул қилинганига 24 йил бўлди. Унга жиддий ўзгартиришлар киритиш лозим…”

Барчамизга маълумки, Бирлашган Миллатлар ташкилоти томонидан 15 март “Бутунжаҳон истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш куни” деб эълон қилинган. Дунёнинг бошқа мамлакатларида бўлгани каби мамлакатимизда ҳам мазкур сана кенг нишонланиб келади. Ҳар йили соҳага дахлдор ташкилотлар томонидан мазкур сана арафасида турли маънавий-маърифий ва спорт тадбирларини ўтказиш анъанага айланган.
Ҳудудий бирлашма томонидан ушбу сана арафасида бир қатор тадбирларни ўтказиш режалаштирилган бўлиб, шулардан бири “Истеъмолчилик ижтимоий ҳаракати: дунё мамлакатлари ва Ўзбекистон тажрибаси” мавзусидаги матбуот анжумани эди.
Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги вилоят бошқармаси амалий ёрдами, Фарғона вилоят ва Рухсор телерадиокомпанияларининг ахборот кўмагида ташкиллаштирилган ушбу анжуманда, дастлаб дунёда истеъмолчилик ижтимоий ҳаракатининг вужудга келиши, тараққий топиши ва бугунги аҳволи, мамлакатимизда мазкур йўналишдаги қонунчилик базаси ва ижтимоий ҳаракатнинг вужудга келиши, соҳада амалга оширилаётган ишлар хусусида маълумотлар бериб ўтилди.
– Халқаро истеъмолчилар ташкилоти (Consumers International) ташаббуси билан жорий йил 15 март бутун дунё бўйлаб Барқарор истеъмолчи (Рациональный потербитель) шиори остида нишонланмоқда. Халқаро истеъмолчилар ташкилоти барчадан жорий йилда асосий эътиборни меъёридан ортиқ ишлаб чиқариш ва норационал истеъмол натижасида иқлимдаги глобал ўзгаришлар, атроф-муҳитга зарар етказилиши, ноёб табиий объектларнинг йўқотилишига олиб келаётганлиги масалаларига қаратишни сўрамоқда, – деди ҳудудий бирлашма раиси Ахроржон Рахмоналиев. – БМТнинг ҳисоб-китобларига кўра уй хўжаликлари дунёдаги энергия манбаларининг 29 фоизини истеъмол қилиб, мос равишда улар томонидан атроф-муҳитга чиқарилаётган СО2 (карбонат ангидриди) улуши умумий ҳажмдан 21 фоизни ташкил қилмоқда. Бошқа тадқиқодларга кўра, дунё бўйича ҳар минутда, амалда қайта ишлаш билан тўлиқ қамраб олинмаган, 1 миллион дона пластик идишлар сотилар экан. Чиқинди ташлаш жойлари ва атроф муҳитга ташланаётган пластикнинг асосий қисми эса озиқ-овқат саноатига тааллуқлидир. Бу эса барчамиздан истеъмолни барқарорлаштириш масаларида узлуксиз иш боришни тақозо қилмоқда.
– Мамлакатимизнинг амалдаги “Истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида”ги қонуни 1996 йил 26 апрелда қабул қилинган бўлиб, бугунги кунга келиб, юзага келган шарт-шароит ва шиддат билан ўзгариб бораётган замон талаблари мазкур қонунга тегишли ўзгартириш ва қўшимчаларни киритиш ёки қонунни янги таҳрирда қабул қилинишини тақозо қилмоқда. Айниқса, соҳага жамоатчилик назоратини янада кенгроқ жорий қилиш, унда жамоатчиликни фаол иштирокини таъминлаш, қолаверса илғор давлатлар тажрибасидан самарали фойдаланиш мақсадида қонуннинг янги таҳририда истеъмолчиларнинг жамоат бирлашмалари ҳуқуқ ва ваколатлари ўз аксини топмоғи керак, – деди ҳудудий бирлашма раиси ўринбосари Ғайрат Маматқулов ўз чиқишида.
Матбуот анжуманида босма ва электрон оммавий ахборот воситалари вакилларини қизиқтирган саволларга ҳудудий бирлашма раиси А. Рахмоналиев ҳамда ҳудудий бирлашма раисининг ёшлар масалалари бўйича ўринбосари Ғ. Маматқуловлар жавоб қайтардилар.
Тадбир доирасида ҳудудий бирлашма тизимида самарали меҳнат фаолияти олиб бораётган ходимларга ҳудудий бирлашма томонидан таъсис этилган пул мукофотлари сертификатлари топширилди.
Анжуман якунида ОАВ вакилларини истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, уларнинг истеъмолчилик билим савияси ва истеъмол маданиятини янада ошириш борасидаги ишларни аҳолининг кенг қатламларига етиб боришида яқиндан ҳамкорлик олиб боришга чақирилиб, #barqaror_istemolchi ва #рациональный_потребитель хештеги остида материаллар (мақолалар, фото, видео материаллар) бериб бориш ҳамда жорий йил якуни бўйича бу борада энг фаол ва самарали натижаларга эришган журналистларни тақдирлаш юзасидан таклиф киритилди.