Yangiliklar

10 000 000 ВА 300 000 СЎМ МАЪНАВИЙ ЗАРАР ИСТЕЪМОЛЧИ ФОЙДАСИГА УНДИРИБ БЕРИЛДИ.

Жорий йилнинг 25 февралида Фуқаролик ишлари бўйича Кармана туманлараро судининг биносида Навоий шаҳар истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамияти томонидан фуқаро Ризо Муртазаевнинг манфаатини ҳимоя қилиш бўйича киритилган даъво ариза юзасидан очиқ суд мажлиси бўлиб ўтди.
Унда фуқаро (истеъмолчи) Р.Муртазаев 2018 йил сентябрь ойида Навоий шаҳрида жойлашган “Дархон” савдо мажмуасида жойлашган №140-сонли савдо дўконидан кафолат муддати 3 йилга деб берилган қиймати 10 000 000 сўмлик иситиш қурилмаси катёл, радиатор, газ редуктори, стабилизатор ва бошқа шунга ўхшаш тегишли ускуналарни харид қилган.
Аммо кафолат муддатининг иккинчи йилида яъни 2019 йил ноябрь ойида иситиш воситаси носоз ҳолга келиб қолганлигидан норози бўлган истеъмолчи савдо ходимига мурожаат қилиб, иситиш қурилмаси катёл, радиатор, газ редуктори, стабилизатор ва бошқа шунга ўхшаш тегишли ускуналарни сифатлисига алмаштириб берилишини ёки уни таъмирлаб беришни сўраганида иситиш қурилмасининг ички қисми носоз ҳолда эканлиги, агар таъмирлаб берилса, барча сарф-ҳаражат истеъмолчи томонидан қопланишини айтган.
Фуқаро Р.Муртазаев савдо ходимининг рад жавобидан сўнг шаҳар жамиятига ёзма мурожаат қилиб, ушбу масалада амалий ёрдам сўраган.
Афсуски, ушбу масала юзасидан савдо ходими Азиз Мўминовга шаҳар жамият мутахассислари иштирокида истеъмолчининг ҳуқуқлари юзасидан ўтказилган тушунтириш ишлари ҳам фойда бермади.
Шундан сўнг Навоий шаҳар жамияти томонидан истеъмолчи Р.Муртазаев манфаатини кўзлаб Фуқаролик ишлари бўйича Кармана туманлараро судига даъво аризаси киритилди.
Натижада Фуқаролик ишлари бўйича Кармана туманлараро судининг тегишли қарорига асосан савдо ходими томонидан 10 000 000 сўмлик иситиш қурилмаси янгисига алмаштириб берилди ва истеъмолчига етказилган маънавий зарар учун 300 000 сўм товон пули ҳам ундириб берилди.