Uncategorized


Фарғона вилояти Бувайда туманида яшовчи фуқаро Х. Абдуллаев янги қураётган уйининг том қисмини ёпиш мақсадида Бувайда тумани Янгиқўрғон қишлоғида жойлашган қурилиш савдо дўконларининг биридан донаси 32000 сўмдан, жами 3200000 сўмга 100 дона шифер маҳсулотларини нақд пулга сотиб олади. Аммо орадан ҳеч қанча вақт ўтмай ёмғир оқибатида хонадонинг том қисмига қадалган шиферлар ёрилиб кетади. Фуқаро Х. Абдуллаев ушбу ҳолат юзасидан дўкон сотувчисига норозилигини баён этади, лекин унинг важлари ярим йўлда қолиб кетади. Шундан сўнг истеъмолчи Бувайда тумани истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятига мурожаат қилади.
Аниқланишича қадалган шиферлар “Қувасойшифер” очиқ акциядорлик жамиятида ишлаб чиқарилганлиги ва иш маҳсулотга илова қилинган йўриқнома асосида бажарилганлиги маълум бўлди. Ўрганиш доирасида сотувчига “Истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида”ги қонуннинг тегишли моддалари талаблари бўйича тушунчалар берилди. Шундан сўнг, сотувчи ташаббуси ва истеъмолчининг розилиги асосида 100 дона шифер бошқа корхона маҳсулотига алмаштириб берилишига эришилди.
Истеъмолчи мурожаати ижобий ҳал этилганлиги учун миннатдорчилик билдирди.