Uncategorized

“Истеъмолчилар уйи” ва “Истеъмолчи кутубхонаси” фойдаланишга тайёр

Ўзбекистон истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятлари федерацияси томонидан ҳайрли ташаббус давом эттирилмоқда. Гап шундаки, федерация томонидан Республикамизнинг жанубий сарҳади Сурхондарё вилоятининг энг чекка тумани бўлмиш Узун туманида “Истеъмолчилар уйи” ва “Истеъмолчи кутубхонаси” яқин кунларда фойдаланишга топширилиши режалаштирилган. Бугун Федерация раиси Жаҳонгир Саримсоқов қурилиш ишлари билан яқиндан танишиш мақсадида кутубхонада бўлиб, бинони жиҳозлаш бўйича ўзининг тавсияларини бериб ўтди.

Фойдаланишга топширилгач мазкур бинолардан ҳар бир фуқаро ўзининг истеъмолчи сифатидаги билим ва кўникмаларини мустаҳкамлаб бориш имкониятига эга бўлади. Айнан “Истеъмолчи кутубхонаси” фондида Ўзбекистон қонунлари ва истеъмолчилик соҳасидаги муносабатларни тартибга солувчи норматив ҳужжатлар, сиёсий-иқтисодий қўлланмалар, маърифий, бадиий, илмий оммабоп китоблар, республикамизда нашр қилинадиган газета-журналлардаги маълумотлар жойлаштирилади. Бундан ташқари кутубхонада замонавий “Book cafe” ва бепул WiFi тизими ҳамда интернет орқали зарур адабиётларни топиш ва харид қилиш имконини берувчи “eReader” электрон ўқув қурилмаси ҳам ўрнатилади.

“Истеъмолчилар уйи” биноси эса, Федерациянинг туман бўлинмаси фойдаланувига топширилади.