Uncategorized

Халқимиз фақат уйга кредит тўлаш учун яшайдими?

Бугунги кунда юртдошларимизнинг кўпчилигида уй-жойга бўлган эҳтиёж жуда юқори. Аҳолининг ушбу эҳтиёжи тобора кенгроқ қондирилиш учун янгидан-янги, замонавий урфдаги, кўзни қувонтирадиган шинам уйлар қурилмоқда.
Албатта, ҳамма ҳам сифатли, ташқи ҳамда ички кўриниши чиройли уйларда яшашни орзу қилади. Аммо бугунги шароитда талаб даражасидаги хонадонга эга бўлиш бироз мураккаб.
Бунинг биргина сабаби аҳолининг асосий қисми ойига ўртача 2 миллион сўмдан 5 миллион сўмгача маош олади. Харидни ипотека кредитлари асосида амалга оширмоқчи бўлганлар учун кредитларнинг фоизи ҳамон юқорилигича қолмоқда.
Президентимизнинг жорий йил 1 майда «Аҳолининг уй-жой шароитини яхшилаш ҳамда ипотека кредити бозорини янада кенгайтиришга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги қарори қабул қилинган эди. Унга кўра банклар бирламчи ва иккиламчи уй-жойлар учун 15 йилдан 20 йилгача ипотека кредитини ажратиши тўғрисидаги таклифларини кенг жамоатчиликка маълум қилишди.
Кузатувлар натижаси шуни кўрсатдики, бугунги кунда янги қурилган бирламчи уйлардан харид қилмоқчи бўлсангиз бошланғич тўловнинг 20 фоизини тўлаганингизда 15 йилдан 20 йилгача йилига 22 ёки 23 фоиздан тўлаб боришингизга тўғри келади.
Иккиламчи бозордан яъни эски қурилган уйлардан сотиб олмоқчи бўлсангиз, бошланғич бадалнинг 25 фоизи тўланса, қолган қисми 15-20 йилга 26 фоиздан тўланади. Ушбу маълумот “Ipoteka bank”га тегишли.
“Ipak yoʼli banki” мутахассисининг берган маълумотига кўра, ипотека кредити фақат бирламчи уйларга берилар экан. Шундан харид қилинадиган уйнинг 20 фоиз бошланғич тўлов сифатида тўланса, қолган қисми 20 йилга 21 фоиздан тўлаб борилар экан.
Банк истеъмолчиларга 2 хонали уйлар учун 224 миллионгача, 3 хонали уйлар учун 352 миллионгача ипотека кредитини ажратишини маълум қилди.
“Sanoat qurilish bank” ипотека кредитлари фақат бирламчи бозордаги яъни янги қурилган уйларга берилар экан. Бошланғич тўлов 20 фоиз. Йиллик тўлов 20 фоиздан 20 йилга бўлиб тўланади. Мазкур банк 264 миллиондан 352 миллионгача бўлган миқдорда ипотека кредитларини беради.
Юқорида номлари келтирилган банклар томонидан ажратилаётган ипотека кредитлари арзонлаштирилган фоиз ставкаси бўйича тақдим этилмоқда. Баъзи хусусий банкларнинг ипотека кредит фоизи ҳали-ҳамон 25 фоиздан 30 фоизгача ва ҳатто ундан ҳам юқорилигича қолмоқда.
Энди эътиборингизни янги қурилган уйларнинг нарх-навосига қаратсак.
“Мurat Buildings” номи остида сотуви амалга оширилаётган ярим тайёр яъни хоналари бўлинган, сувоқланган ҳолатдаги уйларнинг ҳар квадрат метри ўртача 6,5 миллион сўмдан бошланиб, 14 миллион сўмгача сотилмоқда.
Мазкур уйларнинг бирига соҳиб бўлиш учун томонларнинг келишув шартномаси асосида исталган банкдан ипотека кредитларини олиш имконияти мавжуд.
“Bizning uylar” қурилиш компанияси тавсия этаётган яшаш учун тайёр уйларнинг ҳар квадрат метрига 6,2 миллион сўмдан 6,7 миллион сўмгача нарх белгиланган.
“Huvaydo” мажмуаси томонидан қурилган ярим тайёр уйларнинг бир квадрат метри 8,2 миллион сўмни ташкил этаяпти.
Ҳозирги кунда таъмирланган уйларнинг 1 квадрат метрини минимал 6 миллион сўм деб ҳисоблаймиз. Дейлик, 2 хонали 54 квадрат метрли уй. Умумий қиймати 324 миллион сўмга чиқиб кетяпти. Аввал бошида 20 фоизлик бадал пулини тўлаб қўйиш шарт. Шунда уйнинг қолдиқ таннархи 259 миллион 200 минг сўм бўлади. 15 йилга 259,2 миллион сўмнинг 20 банк фоизи билан 777 миллион 600 минг сўмни ташкил этмоқда.
Демак истеъмолчи 15 йил мобайнида 777 миллион 600 минг сўмни тўлашга тўғри келади. Банклар таклиф этаётган ипотека кредитларининг энг юқори суммаси 352 миллион сўмни ташкил этганда, ойига 5,8 миллион сўмдан тўлаб боришга тўғри келади.
Энди ҳақли саволлар юзага келади? Агар оилада 1 нафар киши ишласа, борингки, икки нафари ҳам меҳнат қилсин, уларнинг топаётган ана борингки, 6 миллион сўм бўлсин. Бу пул ойлиги уй-рўзғорга етадими ёки ипотека кредитини тўлашгами?
Аслида банклар кам ойлик оладиган истеъмолчига ипотека кредитини бермайди. Йиллик даромад тўғрисидаги маълумотнома олиб борганингизда, «…ҳурматли мижоз сиз бир ойда камида 8 миллион маош олишингиз керак, акс ҳолда Сиз билан ишлай олмаймиз», деган жавобни эшитасиз.
Ўйлаб қаралса, истеъмолчи ишлаб топган ойлик даромадини 15 ёки 20 йил давомида кредитга тўласинми, фарзандини боқсинми, коммунал тўловларни амалга оширсинми? Улар шу вақт давомида еб-ичишдан, кийинишдан ўзини тийсинми? Болаларни ўқитиш ёки таълимига сармоячи?
Қолаверса, олинаётган 58 квадрат метрли хонадонда кўп болали оилалар сиқилиб ҳам қолади. Ёки бу каби ипотека кредитлари фақат 1 нафар фарзанди бор оилалар учун мўлжалланганми? Кўп оилалар яна қайта кредит олса, шу билан умри ҳам поёнига етиб қолмайдими? Ўзбек халқи уйига кредит тўлаш учун яшайдими?
Эътибор берилиши шарт бўлган яна бир жуда ачинарли ва истеъмолчи ҳуқуқларига зид жиҳат бор. Бу – кўтарилаётган умумий кредитнинг 20 ёки 25 фоизини олдиндан тўлаш шарти. Бундай бадалнинг мавжудлиги нафақат бозор қонунларига зид, балки кредит олувчини хонавайрон қилишга қаратилгандир. Кўпчилик ушбу миқдордаги суммани йиға олмаётгани учун ҳам кредит ололмай қолмоқда. Албатта, бу банк билан боғлиқ жиддий муаммолар. Эътибор берилса хорижий давлатларда бошланғич тўлов ўртача 5% дан 10% гачани ташкил этади. Масалан Россия Федерацияси ёш болали оилалар учун бошланғич тўлови 5%, 30 йилга 20% фоиздан бўлиб тўлаш шарти билан аҳолини уй-жой билан таъминламоқда. АҚШда 10 йилдан 30 йилгача, йилига 5% фоиздан тўлаш шарти билан ипотека кредитларини ажратмоқда… Бизда қайси мезонлар асосида ипотека кредитларининг фоиз ставкалари белгиланаяпти?
Қурилиш ташкилотлари ҳам ҳар бир квадрат метр нархларини арзонлаштириш устида бош қотиришлари лозим ва шарт. Ҳисоб-китобларга кўра, улар ҳозир уч баробаргача фойда олмоқда экан. Ҳозирги шароитда улар қурилиш тан нархи устида, дейлик 50 фоиздан ортиқ нарх қўймасликларини мутасадди давлат ташкилоти қатъий назорат қилиб бориш ниҳоятда муҳимдир.
Хулоса ўрнида айтадиган бўлсак, бугунги кунда қабул қилинаётган ҳар қандай қонун инсон ва унинг манфаатлари учун хизмат қилиши лозимлиги такрор-такрор айтилади. Аммо, биргина ипотека кредитларининг берилиш тартибига тўхталадиган бўлсак, бунда истеъмолчиларнинг ҳеч қандай манфаати устунлик қилмаяпти. Фақат банк ва қурилиш объектлари мўмай даромад топиш илинжида.
Манижа БАҲРИЕВА,
Ўзбекистон истеъмолчилар ҳуқуқларини
ҳимоя қилиш жамиятлари федерацияси
бош мутахассиси