Yangiliklar

Фарғона вилоятида истеъмолчилар ҳуқуқлари қандай ҳимояланмоқда?

Ўзбекистон истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятлари федерацияси ва унинг ҳудудий органлари томонидан аҳолининг истеъмолчилик ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш йўналишидаги ишлар тизимли асосда ва бир маромда давом эттирилди.

Фарғона вилояти Риштон тумани Жалаер қишлоғида яшовчи У.Мелиқўзиев “UMID SAVDO FAYZ INVEST” МЧЖ билан 4 тонналик ISUZU QR 71PL юк ташиш машинасини лизинг шартларида сотиб олиш учун шартнома имзолайди. Шартномада кўрсатиб ўтилган 114 980 000 (бир юз ўн тўрт миллион тўққиз юз саксон минг) сўм пулни ҳам тўлаб беради. Шартномага кўра, юк автомашинаси 180 кунлик муддатда етказиб берилиши белгиланади.
Орадан шартномада кўрсатиб ўтилган муддат ўтиб бораётган бўлса-да, истеъмолчининг юк автомашинасидан дарак бўлмайди. Истеъмолчи мурожаатини ўрганиб чиққан Фарғона шаҳар жамияти мутахассислари томонидан тегишли ҳужжатлар тайёрланиб, мазкур масалада судга даъво аризаси киритилгач, томонлар ўртасида келишувга эришилиб, лизинг ташкилоти томонидан 114 980 000 сўм маблағ истеъмолчининг шахсий банк пластик карточкасига тушириб берилди.

Истеъмолчи Е.К. Фарғона шаҳар жамиятига мурожаат қилиб келишига қадар икки йил давомида унга нуқсонли телевизор сотган сотувчи билан курашган, унинг берган ваъдаларига ишониб юраверган. Лекин барибир ушбу ишлардан натижа чиқмаган, бу орада 450 АҚШ долларига олинган “LG” русумли телевизор сотувчининг ҳузурига беш марта олиб келиниб таъмирланган. Телевизорда яна нуқсон чиқаверган. Шаҳар жамияти томонидан олиб борилган ўрганиш ишлари натижасида истеъмолчининг нуқсонли товари янги, мақбул сифатдагисига алмаштирилди.

Қўқон шаҳар Фурқат туманида яшовчи М.Ҳайдарова ҳам Қўқон шаҳрида якка тартибдаги тадбиркор Ж.Расуловдан сотиб олган “SAMSUHG” смарт 43 русумли телевизори кафолат муддати ичида яроқсиз ҳолатга келиши натижасида сотувчининг ҳузурига қатнаб чарчаган. Сотувчи томонидан 2.600.000 сўмга сотилган мазкур телевизорнинг платаси кетганлиги айтилиб, истеъмолчига бир муддат сабр қилиб туриш, платаси бошқа қўйиб берилиши ваъда қилинган. «Вақтинчаликка» деб тузатиб берилган телевизор 15 кунгина ишлаб, яна бузилган. Қўқон шаҳар жамият мутахассислари томонидан сотувчига амалдаги қонун талаблари тушунтирилгач, нуқсонли маҳсулот янгисига алмаштирилган.

Марғилон шаҳар Қўштепа туманида яшовчи Н.Ю. шаҳар марказидаги савдо мажмуасидан ИНДEЗИТ русумли музлатгич сотиб олган. Лекин маълум вақт бир маромда ишлаб турган музлатгичда 2020 йилнинг апрель ойларига келиб нуқсонлар юзага чиққан. Шундан сўнг у бир неча кун давомида сотувчи ва сервис устахонаси ўртасида овора-ю сарсон бўлган. Муаммога Марғилон шаҳар жамияти мутахассисларининг аралашуви билан бир кун ичида, кафолат муддати давомида товарда юзага келган нуқсонлар бепул бартараф этилишига эришилган.

“Ёйилма” маҳалласида яшовчи Т.А. эса электр таъминоти корхонаси томонидан ҳисобланган қарздорликдан норозилигини маълум қилган. Масала шаҳар жамияти ўрганилиши ва мутахассислари иштирокида ўтказилган қайта ҳисоб-китоб ишлари натижасида унинг ҳақиқатда қарздорлиги 299 110 сўм 37 тийиндан иборатлиги ёки корхона томонидан даъво қилинаётган қарздорликдан 400 минг сўмга камлиги исботини топган.

Ўзбекистон истеъмолчилар ҳуқуқларини
ҳимоя қилиш жамиятлари федерацияси матбуот хизмати