Yangiliklar

Пандемия: кимга аза, кимга тўй…

Бугунги кунда республикамиз истеъмол бозорида кўпгина савдо тармоқлари ўз товарлари учун ҳақни бўлиб-бўлиб олиш шарти билан сотиш амалиётини йўлга қўйган.

Arba.uz, Creditasia.uz, Mediapark.uz, Esavdo.uz, «Техномарт», «Home credit», «Мунис кредит» сингари ва бошқа маҳаллий аҳолига маиший техникаларни кредитга бераётган тадбиркорлик субъектларининг фаолият кўрсатаётганлиги банклардан истеъмол кредити ҳисобига маиший техника харид қилгунча юқорида номлари саналган савдо тармоқларига ўхшаш тармоқлардан бўлиб-бўлиб тўлаш шарти билан харид қилишни афзал билувчиларга айни муддаодир.

Ҳозирги пандемия шароитида республикамиз аҳолисининг катта қисми уйда қолишга тўғри келди. Бу албатта аҳолининг даромадига ўзининг салбий таъсирини кўрсатмай қолмади. Кунлик ишларда меҳнат қилаётган қатлам айниқса энг кўп қийинчиликка учради.

Кундалик эҳтиёжлари учун уй-рўзғорга керакли маиший техникаларни кредит асосида (бўлиб-бўлиб тўлаш шарти) харид қилган мазкур фуқароларимиз томонидан вазият тақозоси билан тан нархи ва фоизини тўлай олмасликлари кундек равшан.

Аммо ўз манфаатини ҳар нарсадан устун қўяётган айрим «тадбиркорлар» ҳозирги ҳолатни сира эътиборга олишмаяпти.

Ўзбекистон истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятлари федерациясига айнан мазкур масала бўйича жуда кўплаб мурожаатлар келиб тушмоқда.

Мазкур мурожаатларнинг аксари истеъмолчи томонидан карантин шароитида уйда қолганлиги, ишламаётганлиги сабабли вақтинчалик тўлов қобилиятига эга эмаслиги туфайли белгиланган тўловларни ўз вақтида амалга ошира олмаётганлиги, аммо буни савдо тармоғи инобатга олмаётганлигидан шикоят қилмоқда.

Мазкур савдо тармоқлари ўз вақтида ҳисоб китоб қилмаган истеъмолчиларга пения ҳисоблаётганлик ҳолатлари ҳам кузатилмоқда.

Пандемия шароитида давлатимиз томонидан тадбиркорларга жуда кўп қулайлик ва имтиёзлар яратилганлиги, уларга кредит тўловларида берилган имкониятлар иқтисодиётимиз асоси бўлган тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш ва ривожлантириш учун хизмат қилмоқда.

Нега эди давлатнинг бу каби ғамхўрлигини ҳис қилаётган, ўзининг фаолиятида шу имтиёзлардан фойдаланаётган тадбиркорларимиз айни пайтда фуқароларимизга пандемия шароитдан келиб чиқиб имконият яратиб бермаяпти.

Нега улар иқтисодий қийин аҳволга тушган истеъмолчиларни яъни ўз мижозларини ўйлашмаяпти.

Ахир уларни бой қилаётган, бизнесларининг гуллаб-яшнашига сабабчи бўлаётган шу фуқароларимиз эмасми?

Ўзбекистон истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятлари федерацияси аҳолига товарларни кредит асосида (бўлиб-бўлиб тўлаш шарти) сотувчи тадбиркорлик субъектларига мазкур вазиятда аҳолини тўғри тушуниб, кредит тўловларида қулайлик яратишга чақиради. Зеро бу пандемия элга келган тўй, бу муаммони биргаликда бирлашиб енгмасак, чет келиб бирор киши ҳал этиб бермайди.

Ўзбекистон истеъмолчилар ҳуқуқларини
ҳимоя қилиш жамиятлари федерацияси
матбуот хизмати