Yangiliklar

НАВОИЙ ШАҲРИДА “НОДАВЛАТ НОТИЖОРАТ ТАШКИЛОТЛАРИ ВА ДЎСТЛИК УЙИ” ФАОЛИЯТ БОШЛАЙДИ  

Навоий вилоят ҳокими, Олий Мажлис Сенати аъзоси Қ.Турсунов ҳамда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси ҳузуридаги Нодавлат нотижорат ташкилотлари ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтларини қўллаб-қувватлаш жамоат фонди маблағларини бошқариш бўйича Парламент комиссияси аъзоси, Ўзбекистон истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятлари федерацияси раиси Ж.Саримсоқов иштирокида бўлиб ўтган учрашувда бунёд этилаётган “Нодавлат нотижорат ташкилотлари ва дўстлик уйи”да ННТлар ҳамда миллий маданий марказлар учун яратиладиган шароитлар ва имкониятлар муҳокама қилинди.

 

Мамлакатимизда нодавлат нотижорат ташкилотлари ҳамда фуқаролик жамияти бошқа институтларининг ижтимоий фаоллигини ошириш бўйича амалга оширилаётган чора-тадбирлар натижасида мазкур институтларнинг давлат ва жамият ҳаётининг барча соҳаларида роли ва аҳамияти ортиб бормоқда.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 4 майдаги “Мамлакатни демократик янгилаш жараёнида фуқаролик жамияти институтларининг ролини тубдан ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги 5430-сонли Фармони бу борада янги даврни бошлаб берди.

Мамлакатнинг ҳар томонлама ва жадал ривожланишида фуқаролик жамияти институтларининг роли ва аҳамиятини тубдан ошириш, уларнинг давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари билан ҳамкорлигини кучайтиришни кўзда тутувчи мазкур ҳужжатга мувофиқ Нукус шаҳри, вилоят марказлари ва Тошкент шаҳрида нодавлат нотижорат ташкилотларининг ҳудудий эҳтиёжларидан келиб чиққан ҳолда, бўшаб ётган ва самарали фойдаланилмаётган давлат мулки объектлари негизида “Нодавлат нотижорат ташкилотлари уйлари”ни ташкил этиш, мазкур биноларга янги ташкил этилган, шунингдек, ижтимоий аҳамиятга эга бўлган соҳаларда ўз фаолиятини амалга ошираётган нодавлат нотижорат ташкилотларини ижара тўловининг “ноль” ставкасини қўллаган ҳолда жойлаштириш чораларини кўриш белгиланган.

Фармон ижросини таъминлаш мақсадида Навоий вилоят ҳокимининг фармойиши билан Навоий шаҳрида ҳам “Нодавлат нотижорат ташкилотлари ва дўстлик уйи”ни ташкил этиш ишлари бошлаб юборилди. Яқин кунларда ишга тутилиши кутилаётган “Нодавлат нотижорат ташкилотлари ва дўстлик уйи” Навоий шаҳрининг Садриддин Айний кўчасида жойлашган бўлиб, бино уч қаватдан иборат. Унда 31 та ижтимоий аҳамиятга эга бўлган соҳаларда ўз фаолиятини амалга ошираётган ННТлар ва миллий марказларнинг жойлашиши кўзда тутилган.

 

Ш.Саттаров