Yangiliklar

ПРEЗИДEНТ ТАБРИГИГА МУНОСАБАТ Матбуот котиби журналистга кўмакчи бўлиши зарур

Президентимизнинг куни кеча йўллаган байрам табриги билан танишиш асносида соҳага дахлдор барча қалам аҳли сингари мен ҳам ўтган йилларни бугунги кунимиз билан беихтиёр муқояса қилдим. Ютуқ ва камчиликларимизни таҳлил этдим. Муайян хулосаларга келдим.

Бундан бир йил муқаддам давлатимиз раҳбарининг “Оммавий ахборот воситалари мустақиллигини таъминлаш ҳамда давлат органлари ва ташкилотлари ахборот хизматлари фаолиятини ривожлантириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори қабул қилинган эди. Бу меъёрий ҳужжат қабул қилингунга қадар бўлган ҳолат кўпчилик қалам аҳлига яхши таниш. Баъзиларини инобатга олмаганда, деярли аксарият ахборот хизматлари номигагина фаолият юритар, матбуот котиби лавозими фақат катта-катта идоралардагина мавжуд эди. Қолаверса, маълумот олишдаги сансалорликлар, арзимаган ахборот учун расмий хат талаб қилиш амалиёти, тайёр материални чоп этишдан олдин ўқитишнинг сўралиши каби омиллар ташкилотларнинг матбуот котиблари ва журналистлар ўртасида каттакон жарликни вужудга келтирганди.

Мана шундай таранг вазиятда қабул қилинган қарор юртимизда бошланган очиқлик ва шаффофлик сиёсатини янги босқичга кўтарди. Президентимиз куни кеча оммавий ахборот воситалари ходимларига йўллаган байрам табригида таъкидланганидек, “…Ўтган бир йил давомида кўплаб вазирлик ва идораларда ахборот хизматлари замон талаблари асосида қайтадан, 201 та туман ва шаҳар ҳокимликларида эса биринчи марта ташкил этилди”.

Матбуот котиблигининг ташкилот ва муассасалар раҳбарларининг ўринбосарлиги даражасига тенглаштирилгани, ахборот сиёсатини юритиш бўйича мустақиллик берилгани ахборот хизматларининг оммавий ахборот воситалари билан ҳамкорлигини мустаҳкамлаб, ўртадаги тушунмовчиликларни бартараф этмоқда.

Файласуфлардан бири “Бир вақтлар китобларнинг тақчиллиги илмий тафаккурнинг ўсишига халал берар эди. Энди эса уларнинг кўплиги одамни гаранг қилиб, шахсий мулоҳаза юритишга халал бермоқда”, деган экан. Бу гаплар анча олдин айтилган бўлса ҳам худди бугун айтилгандек янграйди.

Бундай 3-4 йил аввал аҳоли ахборот тақчиллигини бошдан кечирган бўлса, ҳозирги авлод фикрни чалғитувчи, йўлдан тойдирувчи турли мазмундаги ахборотга “кўмилиб қолган”. Шу боис, бугун журналистларнинг халққа сифатли, холис ва албатта тезкор хабарларни етказишига зарурат юқори. Бу борада ахборот хизматларининг хизмати ва ҳиссаси катта.

Ўзбекистон янги даврни — очиқлик ва шаффофликка асосланган жамиятни қуриш босқичини бошдан кечирмоқда. Бу йўлда илгаригидек ахборотни яшириш, журналистларнинг маълумотни олишига тўғаноқ бўлиш эмас, улар билан ҳамнафас ҳолда зарур информацияни олишига кўмаклашиш зарур. Бу борада олдимизда кўплаб вазифалар турибди. Назаримда, буни юртимиздаги барча ахборот хизматлари ходимлари ҳис этмоқда. Чунки юртдошларимизни ишончли ва холис, асосланган маълумот билан таъминлаш ахборот хизматлари ходимлари ва журналистларнинг муштарак мақсад йўлида интилиши ва саъй-ҳаракати туфайли амалга ошади.

Шерали САТТОРОВ,

Ўзбекистон истеъмолчилар ҳуқуқларини

ҳимоя қилиш жамиятлари федерацияси

матбуот котиби