Yangiliklar

ҒАМХЎРЛИК ВА ЭЪТИБОРДАН ЧЕТДА ЭМАСЛИГИМНИ ҲИС ҚИЛДИМ

Мамлакат тараққиётининг равиши бугун қисман, эрта эса тўлиқ шу давр ёшларига боғлиқ. Демакким, уларнинг келажаги учун тикилган сармоя, ҳар қандай шаклдаги қўллаб-қувватлаш муҳим аҳамият касб этади.
Жорий йилнинг февраль ойида Ўзбекистон истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятлари федерацияси раҳбарияти тизимда фаолият юритаётган ёшларни бир мақсад йўлида жипслаштириш, уларнинг ташаббусларини қўллаб-қувватлаш, ўзаро тажриба алмашиш майдонини яратиш, муаммоларни ўрганиш ва ҳал этиш ҳамда рағбатлантириш мақсадида Фарғона шаҳрида “Янги Ўзбекистоннинг бунёдкорларимиз” шиори остида ёшлар Форуми ўтказилган эди. Форум давомида ёш ходимлар илғор ташаббусларини илгари сурди. Бугун ўша ташаббусларнинг бир қанчаси амалиётга жорий этилди. Шу билан бирга, олий таълим муассасаларида тўлов-шартнома асосида таҳсил олаётган ёш ходимларнинг бир неча нафарининг контракт тўловлари тўлаб берилиши белгиланган эди.
Орадан кўп фурсат ўтмай ваъда бажарилди. Менга ҳам 2019-2020 ўқув йили учун ярим йиллик контракт тўловим тўлаб берилди. Бундан жуда мамнун бўлдим. Ғамхўрлик ва эътибордан четда эмаслигимни ҳис қилдим. Бугун “Ёшлар куни” муносабати билан дилдаги эътирофларимни баён қилишни жоиз топдим. Бизга фаолият юритишимиз учун намунали шарт-шароитлар яратиб берган Федерация ва ҳудудий бирлашмамиз раҳбариятига миннатдорлик билдираман. Зеро, ҳар томонлама рағбат кўраётган ёш ходимларнинг келажакка ишончи, ўз ишига нисабатан эса масъулияти ортади.

Сирожиддин ИБРАГИМОВ,
Вилоят истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятлари ҳудудий бирлашмаси Матбуот ва ахборот сектори бошлиғи