Yangiliklar

“Aна кир ювадирғон машина-ю, мана телевизор!”

Ҳозирги кунда аҳолининг маиший техникага бўлган талаби кундан кунга ортиб бормоқда. Натижада истеъмолчиларнинг талабини қаноатлантириш мақсадида турли хилдаги техникалар сотувга чиқариляпти. Бу албатта қувонарли ҳолат, аммо истеъмолчиларни норози қилаётган ҳолатлар ҳам учраб турипди, келинг уларни кўриб чиқайлик.
Қорақалпоғистон Республикаси, Қўнғирот туманида яшовчи фуқаро Қ. Серсенбайев Ўзбекистон истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятлари федерациясига 2020 йил 24 феврал куни “Aртел” русумли 3.400 000 сўмлик музлатгични сотиб олгани аммо бироз муддатда тезда ишдан чиққанлиги ҳақида ариза қолдирди. Ушбу муаммо Федерация ходимлари томонидан ўрганилиб, ижобий ҳал қилиб берилди.
Яна бир ҳолат Тошкент вилояти Олмалиқ шаҳрида истиқомат қилувчи фуқаро М. Нигмурадова билан содир бўлди. У Олмалиқ шаҳар “Динома” магазинидан “Aртел” русумли кондиционер сотиб олган аммо иситиш тизими қисқа вақтда ўз кучини йўқотган. Ушбу муаммо бўйича дўкон ходимларига юзланганида дилни хира қилувчи гаплар эштган ва Федерацияга мурожаат қилган. Вазият ходимлар томонидан ўрганилиб, натижада мурожаатчига бепул сервиз хизмат кўрсатилди.
Самарқанд вилояти Ургут туманида яшовчи Г .Қурбонов ҳам “Aртел” телевизор сотиб олгани, аммо носоз чиққанлигидан норози бўлиб мурожаат қилган. Унинг талаби ҳам Федерация томонидан ижобий ҳал қилиб берилди.
Қашқадарё вилояти Яккабоғ туманидан Г.Инамов эса “Aртел” русумли кир ювиш машинаси сотиб олган, аммо тезда ишламай қолганлигидан шикоят қилган. Савдо ходимлари томонидан носозлик ўз вақтида бартараф этилмаганлиги сабабли Федерация аралашуви билан ҳал қилиб берилди.
Қорақалпоғистон Республикаси Кегейли туманидан ариза йўллаган фуқаро A. Мембетназаров ҳам “Aртел” сервисига мурожаат қилгани аммо талаби қондирилмаганидан шикоят қилган
Навоий шаҳар Умидқўрғони туманида истиқомат қилувчи фуқаро A. Зайнутдинова 3 870 000 га кондиционер харид қилгани аммо сифатсиз чиқиб, янгисисига алмаштириб бериш ёки пулини қайтариб беришини сўраганда талаби қондирилмаганидан шикоят қилган. Муаммо эса Федерация томонидан ҳал қилиб берилди.
Фарғона вилояти Фурқат туманида яшовчи Ш.Йўлдошева эса Бешариқ туманидаги “Aртел” савдо дўконидан 1 700 000 (бир миллион етти юз минг) сўмга газ плита сотиб олган ва уйга олиб келиб ишлатиш жараёнида унинг ойнаси синган. Истеъмолчи газ плитасининг ойнасини 100 000 (юз минг) сўм эвазига алмаштирган. Қарангки, орадан ҳеч қанча вақт ўтмасдан плитанинг горелкаси эриб кетган. Сотиб олиш жараёнида унга 3 йиллик кафолат муддати борлиги тўғрисида айтишгани учун бу масалада компаниянинг сервис марказига мурожаат қилади. Сервис маркази горелкани кафолат муддати ичида бепул алмаштириш чораларини кўришни пайсалга солган. Шундан сўнг фуқаро Ўзбекистон Республикаси Президенти порталига мазкур масалада мурожаат қилади. Фуқаро мурожаати тегишлилиги бўйича Бешариқ туман истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамияти томонидан ўрганиб чиқилиб, сервис маркази томонидан газ плитасининг горелка қисми кафолат муддати ичида бепул алмаштирилишига эришилди.
Бухоро вилояти Олот туманидан Ш.Гасанова билан ҳам шунга ўхшаган ҳолат кузатилган. Фуқаро кир ювиш машинаси харид қилиш мақсадида маиший техника дўконига ташриф буюриб, “Aртел” ёрлиғи остида ишлаб чиқарилган кир ювиш машинасини 1.300.000 сўмга ҳарид қилади. Уйга боргач, танловда адашганлигини англайди. Тадбиркорга арз қилиши фойда бермади.. Гасанованинг бу муаммо бўйича Ўзбекистон истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятлари федерациясига мурожаати боис 1.300.000 сўм пули истеъмолчига тўлиқ қайтариб олиб берилди .
Гувоҳи бўлганингиздек, ушбу аризаларнинг деярли барчаси мазмунан яқин. Замонавий технологиялар ривожланаётган бўлсада сифат масаласи ҳануз долзарблигича қолмоқда. Тўгри, муҳими ҳал қилинипдику дерсиз аммо, тан олиш керакки, кимга ва қаерга мурожаат қилишни билмаётган фуқароларимиз анчагина.
Ҳурматли истеъмолчилар, маиший техника борасида муаммоларингиз бўлса, Ўзбекистон истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятлари федерациясининг 1091 қисқа рақамли ишонч телефонига мурожаат қилинг. Унутманг, ҳуқуқларингиз қонун ҳимоясида!

Aзиза ХЎЖAКЕЛДИЕВA

Ўзбекистон истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш федерацияси бош мутахассиси