Yangiliklar

Маҳсулот Хитойникини бўлса, унда кафолат муддати бўлмайдими?

Фарғона шаҳрининг Қиргули даҳасида яшовчи Э.Хайдукова вилоят ҳудудий бирлашмасининг «Истеъмолчи билан мулоқот» ҳуқуқий маслаҳатхонасига мурожаат қилди.

Маълум бўлишича, мурожаатчи ўзи яшаб турган ҳудуддаги хўжалик моллари дўкони сотувчиси Баҳодир исмли шахсдан 30 минг сўмга фонарь (ёритгич) сотиб олади. Мазкур буюмга қизиқиб қолиши сабабини истеъмолчи шундай изоҳлади:

— Одатдаги фонарларга “батарейка” қўйиш, уни вақти-вақти билан алмаштириб туриш керак, буни эса батарейкаси бўлмасдан, электр токида қувватлантириб ишлатаверар экансиз”, — дейди. Аммо бу буюм бир ҳафта ҳам хизмат қилмайди. Сотувчига бу ҳақида айтилса, маломат эшитади. Сотувчининг асосий важи эса товарнинг Хитойда ишлаб чиқарилганлиги, унда кафолат муддати йўқлиги бўлган.

Лекин амалдаги «Истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида»ги қонуни, истеъмолчининг ҳуқуқлари товарнинг қаерда ва қандай ҳолатда ишлаб чиқарилганига қараб кафолатламайди. Истеъмолчи мамлакатимизда ва хорижда ишлаб чиқарилган ҳар қандай товар (иш, хизмат)ни сотиб олиш ва ундан фойдаланиш жараёнида қонунда белгиланган ҳуқуқларини эмин-эркин рўёбга чиқара олади. Хусусан, қонуннинг 13-моддасига кўра, агар истеъмолчи томонидан сотиб олинган товарда нуқсонлар аниқланса, у кафолат муддати ичида, кафолати муддати белгиланмаган товарлар бўйича эса олти ой муддат ичида ушбу товарни алмаштириб олиш, бепул таъмирлатиш, шартномани бекор қилиб кўрилган зарарни қоплатиш ва бошқа шу каби ҳуқуқларини талаб қила олади.

Тўғри, Фарғона шаҳар истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамияти мутахассислари саъй-ҳаракати билан истеъмолчи Э.Хайдуковага сотилган нуқсонли товар учун тўланган пул сотувчидан қайтариб олиб берилди, лекин мамлакатимизда ишлаб чиқарилган товарларни, шунингдек, импорт товарларни сотаётган бошқа сотувчилар ҳам юқоридаги ҳолатдан тўғри хулоса чиқарса мақсадга мувофиқ бўлар эди.

Ўзбекистон истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш

жамиятлари федерацияси Матбуот хизмати