Yangiliklar

Лицензиялаш ва рухсат бериш тартиб-таомиллари бугунги кун талаблари жавоб берадими?

Бугунги кунда “Халқ давлат идораларига эмас, давлат идоралари халқимизга хизмат қилиши керак” деган тамойилни юртимизда амалга ошириш борасида кенг кўламли ислоҳотлар амалга оширилмоқда. Мазкур илоҳотларнинг замирида ҳалқимиз ҳаёт тарзини яхшилаш ётади. Ҳалқ фаровонлигини муҳим шарти бу иқтисодий фаровонликдир. Иқтисодий фаровон бўлишда тадбиркорлар учун имкониятларни яратиш муҳим ўрин тутади.
Жаҳон банкининг “Бизнесни юритиш-2020” (Doing Business 2020) гуруҳи 190 давлат ўртасида ўтказган йиллик рейтингида Ўзбекистон 2019 йил якуни бўйича 69,9 балл тўплаб, 69-ўринни эгаллади. Мазкур рейтингдан кўриш мумкинки, Ўзбекистон олдида қилиниши лозим бўлган ишлар салмоғи жуда катта. Бу борада бугунги кун талабларига жавоб бермайдиган лицензиялаш ва рухсат бериш тартиб-таомиллари ислоҳ қилиш алоҳида ўрин тутади.
Нима учун лицензиялаш ва рухсат бериш тартиб-таомиллари бугунги кун талаблари жавоб бермайди? Буни қуйидагича асослаш мумкин:
Биринчидан, лицензиялаш ва рухсат беришга оид фаолият турлари сони жуда кўп. Афсуски, оддий хабар қилиш орқали ҳал этиш мумкин бўлган лицензия фаолият турлари мавжуд.
Иккинчидан, ХХI аср бўла туриб, лицензиялаш ва рухсат беришга оид фаолият турларининг аксарияти ҳанузгача анъанавий усулдан фойдаланиб келинмоқда. Яъни, мазкур фаолият электронлаштирилмаган. Бу эса фуқарони овогарчилигига ва ортиқча қоғозбозликка олиб келмоқда.
Учинчидан, лицензиялаш ва рухсат беришга оид фаолият турлари тартибга солувчи қонунчилик базаси жуда кенг ва тартибга солинмаган. Ушбу қонунларда мураккаб тартиб-таомиллар мавжуд. Энг ачинарлиси, соҳага оид қонунчилик шу пайтгача “Маъмурий тартиб-таомиллар тўғрисида”ги Қонунга мослаштирилмади. Ваҳоланки, мазкур қонун асосида фуқаролар лицензия ва рухсат бериш соҳасида давлат органлари билан муносабатга киришади.
Юқоридаги муаммоларни бартараф этиш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Лицензиялаш ва рухсат бериш тартиб-таомилларини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармони лойиҳаси ишлаб чиқилди.
Мазкур фармон лойиҳасига асосан қарийб 100 та лицензияланадиган фаолият йўналишлари ва 35 та рухсатномаларни бекор қилиш орқали (31 та) ёки муқобил шаклларга ўтказиш назарда тутилмоқда. Мазкур йўналишда аудиторлик, баҳолаш, риэлторлик, фонограммаларни тайёрлаш, юкларни автомобиль транспортида шаҳарда, шаҳар атрофида ва шаҳарлараро ташиш фаолиятига лицензиялар бекор қилинмоқда. Бу эса тадбиркорларни катта маблағ тежаб қолиш имкони беради.
Шунингдек, “Лицензия” ахборот тизими ишлаб чиқилиб барча лицензия, рухсатнома ва хабарномаларни ягона портал орқали ҳужжат топшириш, кўриб чиқиш ва уни бериш амалиёти йўлга қўйилади.
Фармон лойиҳасига кўра, 115 та лицензия ва рухсат бериш хусусиятига эга ҳужжатларни олиш тартиб-таомилларини янада қисқартириш ва соддалаштиришга қаратилган чора-тадбирларни амалга ошириш белгиланмоқда ҳамда 14 турдаги фаолиятлар бўйича ҳужжатларни расмийлаштириш муддатлари қисқартирилмоқда.
Фармон лойиҳасининг яна бир ютуғи “Фаолиятнинг айрим турларини лицензиялаш тўғрисида”ги, шунингдек “Тадбиркорлик фаолияти соҳасидаги рухсат бериш тартиб-таомиллари тўғрисида”ги қонунларни бирлаштириш орқали ягона қонун лойиҳаси ишлаб чиқилиши назарда тутилмоқда. Бунинг натижасида соҳага оид муносабатлар тизимли тартибга солишга эришилиши мумкин.
Албатта мазкур фармон лойиҳасида назарда тутилган ислоҳотларни амалга ошириш мамлакатимизнинг ҳалқаро рейтингларда ўрнини мутаҳкамлайди.
Ҳорижий мамлакатлар тажрибасига эътибор қаратсак, “Doing Business” рейтингида юқори ўринда турувчи давлатлар тадбиркорлар учун қулай тизимлар яратганини кўриш мумкин. Жумладан, АҚШ, Канада, Сингапур, Корея ва Малайзияда ахборотни ривожлантириш стратегиялари ишлаб чиқилган ва бутун жамият учун ҳам, фаолиятнинг алоҳида йўналишлари учун ҳам амалга оширилмоқда. Хусусан, Германия Федерал электрон ҳукумат дастурини ишлаб чиқди. Бу ерда интернет тармоғидан фойдаланган ҳолда 170 турдаги хизматлар кўрсатилмоқда. Австралияда ахборот-коммуникация технологиялари асосидаги хизматларнинг яна бир мисоли Канберра (Connect) лойиҳаси бўлиб, у барча давлат идоралари орқали давлат хизматларини кўрсатишни кенг миқёсда йўлга қўйган. Айниқса, ташкилотнинг онлайн сайти орқали бизнесни рўйхатга олиш, автомобилларни рўйхатга олиш, коммунал хизматлар учун тўлов, иш қидириш, соғлиқни сақлаш хизматлари каби хизматлар тақдим этилиши фаолияти давлат хизматлари марказларининг асосий фаолияти билан бир хил эканлигини кўрсатади. Лойиҳа натижаларига кўра “Канберра –Connect” давлат хизматларини кўрсатиш натижаларига кўра йилига давлат даромадига $200 млн. миқдорида ҳисса қўшади. Бу албатта жуда қувонарли жиҳат бўлиб, ҳам хизматлар сифатли кўрсатилиб ҳалқ бундан рози бўлади, ҳам фойда кўрилади.
Хулоса ўрнида шуни таъкидлаш лозимки, лицензиялаш ва рухсат бериш тартиб-таомилларини бугунги кун халқаро ривожланган давлатлар тажрибасига мослаштириш энг аввало ҳалқ фаровонлиги учун муҳим. Бу борада Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Лицензиялаш ва рухсат бериш тартиб-таомилларини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармони лойиҳаси муҳим ўрин тутади деб умид қиламиз.
Дилмурод Артиков
ТДЮУ катта ўқитувчиси