Yangiliklar

Дори сотиб олиш учун тўланган 5 миллиондан ортиқ маблағ истеъмолчига қайтарилди

Қашқадарё вилояти Қарши тумани Ҳилол МФЙ, Ўрикзор кўчасида яшовчи фуқаро Султон Авлиёқуловнинг Ўзбекистон Республикаси Президенти “ишонч телефони” орқали қилган мурожаати Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятлари федерациясининг Қарши шаҳар ижро этувчи аппарати томонидан ўрганилди.
Мурожаатда қайд этилишича, фуқаро С. Авлиёқуловнинг фарзанди Оғабек Султонов 2018 йилдан буён опластик анемия хасталигининг энг оғир шакли билан оғрийди. Унинг даволаниши учун Швейцария давлатида ишлаб чиқариладиган “Неорал” дори воситаси  жуда муҳим. Шу сабабли С.Авлиёқулов жорий йилнинг май-июн ойларида ушбу препаратни сотиб олиш учун Қарши шаҳрида жойлашган “Mubina Pharm” компаниясига 5 миллион 200 минг сўм маблағни олдиндан тўлаган. Бироқ орадан бир ойдан ортиқ вақт ўтишига қарамасдан компания томонидан дори воситаси истеъмолчига етказиб берилмаган.
Мурожаатни ўрганиш жараёнида, “Mubina Pharm” компанияси томонидан Ўзбекистон Республикаси “Истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида”ги Қонунининг тегишли бандлари талаблари бузилганлиги аниқланди ва истеъмолчининг хоҳишига  кўра дори воситасини сотиб олиш учун тўланган маблағ С.Авлиёқуловга қайтарилиши таъминланди.