Yangiliklar

Навоийдаги қайси «тепалик»да мобил алоқа сифати яхши?

Ўзбек халқи гапга бой халқ. Ҳазилларининг тагида албатта бир ижтимоий муаммонинг илдизи кўриниб туради. Таниқли қизиқчилардан бирининг қуйидаги латифаси кўпчиликка маълум. Мамлакатнинг чекка ҳудудларидан бирига меҳмонга борган киши телефонда гаплашмоқчи бўлади. Уни ҳудуддаги баланд тепаликка олиб чиқишади, лекин барибир унинг телефонида алоқа чиқмайди. Кейин билса, бу бошқа алоқа компаниясининг тепалиги экан…

Ўзбекистон истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятлари федерацияси республика ҳудудларида алоқа сифати бўйича мониторинг кузатувлари олиб бормоқда. Эндиги навбат Навоий вилоятига. Текширишлар шуни кўрсатяптики, баъзи ҳудудларда қайси «тепалик»ка чиқманг, телефон алоқаси ишламайди. Демак, бошладик!

Навоий шаҳри

Вилоят маркази бўлгани учунми, бундай муаммолардан нисбатан холи экан. Аммо шаҳардаги «Тинчлик» МФЙда BEELINE ва UCELL операторлари яхши ишламайди.

Кармана тумани

«Ўзбекистон», «Камолот», «Боғишамол» МФЙларида яшовчи юртдошларимиз ҳеч қачон MOBIUZ алоқа операторидан фойдаланмасалар керак, негаки бу ерларда уни ишлатиб бўлмайди.

Агар сиз PERFECTUM алоқа оператори мижози бўлсангиз, тумандаги «Ҳазора», «Дўрмон», «Қаҳрамон», «Малик», «Пахтаобод», «Наврўз» МФЙларига боришни маслаҳат бермаймиз, чунки бу компания шу ҳудудларда умуман ишламайди. «Малик» МФЙда, шунингдек, UZMOBILE оператори ҳам ишламайди.

Хуллас, BEELINE ёки UCELL ишлатадиган бўлсангиз, Карманага бормоқчи бўлсангиз, бораверинг, айрим жойларда алоқа сифати яхши бўлмаса ҳам, ҳар ҳолда йўқдан кўра бор.

Зарафшон шаҳри

PERFECTUM компанияси бу ҳудудда барча мизожларини йўқотиб бўлган, ёки у ерда умуман мижози йўқ. Чунки Зарафшон туманида PERFECTUM умуман ишламайди. Бошқалари ишлаб турибди.

Қизилтепа тумани

Туман ҳудудида алоқа операторларининг яримидан кўпи алоқа сифати қониқарсизлиги билан «мақтаниши» мумкин.

PERFECTUM алоқа оператори мижози бўлсангиз, тумандаги «Зарметан», «Работ», «Арабхона», «Варозун» МФЙлариг боришни маслаҳат бермаймиз, чунки бу компания шу ҳудудларда умуман ишламайди.

Навбаҳор тумани

Туманда барча алоқа компаниялари ишлаб турибди. Аммо қониқарлисидан, қониқарсизи кўп. Алоқа компаниялари буни инобатга олиб қўйсалар, яхши бўларди.

Нурота тумани

UZMOBILE тумандаги «Янги ҳаёт», “Қадоқ, «Жарман», «Янги турмуш», «Авазсой», «Қизилча», «Центоб» МФЙлари ҳудудига қадам ранжида қилмаган.

«Шайҳон», «Янги турмуш» МФЙларида яшовчи юртдошларимиз ҳеч қачон MOBIUZ алоқа операторидан фойдаланмасалар керак, негаки бу ерларда алоқа умуман йўқ.

Тумандаги 30 маҳалладан 14 тасида BEELINE, 19 тасида PERFECTUM ишламайди.

UCELL алоқа оператори туманнинг барча маҳаллаларида ишлаб турибди. Аммо ҳаммасида алоқа яхши дея олмаймиз. «Янада кўпроғини кутиб» қоламиз.

Хатирчи тумани

PERFECTUM хатирчилилклар билан яхши муносабат ўрнатган кўринади, аммо алоқа сифатини яхшилаб қўйишларини сўраб қоламиз. Фақат «Навбаҳор» маҳалласида алоқа умуман чиқмас экан.

MOBIUZ «Мирдош» ва «Учқора» маҳаллаларида ишламайди. Қолган алоқа операторлари ҳар қалай ишлаб турибди.

Учқудуқ тумани

BEELINEдан бошласак, Учқудуқликлар «ҳаётнинг ёрқин тарафида бўлиш»лари қийин кўринади. 13 ҳудуддан 11 тасида умуман ишламайди. PERFECTUM ва MOBIUZ бирорта ҳудудда ишламайди. 5 та маҳаллада UCELL ва UZMOBILEга алоқа чиқмайди.

Томди тумани

UZMOBILE «Аяққудуқ» ОФЙда мавжуд эмас, MOBIUZ, BEELINE, PERFECTUM ҳеч қайли ОФЙда ишламайди. UCELL 7 ОФЙ (овул фуқаролар йиғини)дан 4 тасида мавжуд эмас. Тумандаги 13 МФЙ (маҳалла фуқаролар йиғини)дан барчасида барча компаниялар ишлаб турибди.

Ўзбекистон истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятлари федерацияси вилоятлар бўйича мониторинг кузатувларини давом эттиради.

Азиза Хўжакелдиева,

Ўзбекистон истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятлари федерацияси бош мутахассиси