Telegram-bot Virtual qabulxona

29.09.2022

Нореал қарздорликка қачон чек қўйилади ёки “Билса ҳазил, билмаса чин”ми?

Фуқаронинг норозилиги “Навоийшаҳаргаз” таъминоти корхонаси томонидан шаҳарнинг “Маърифат” кўчаси 103/1-хонадонда фойдаланилган газ тўлови учун 3 миллион 418 минг 189 сўм миқдорида қарздорлик ҳисобланганидан сўнг бошланди...

Навоий шаҳар “Маърифат” кўчаси 103/1-хонадонда яшовчи Н.Тошева Ўзбекистон истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятлари федерациясининг ишонч телефонига қўнғироқ қилиб, хонадонида фойдаланилган газ учун катта миқдорда нореал қарздорлик ҳисоблангани, бу тўғрида шаҳар газ идорасига қилган мурожаатлари самарасиз бўлаётганидан шикоят қилиб, истеъмолчи сифатида бузилаётган ҳуқуқларининг ҳимоя қилинишида амалий ёрдам сўрайди.

Мурожаат тегишли тартибда Навоий шаҳар истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамияти мутахассислари томонидан кўриб чиқилди ва фуқаронинг эътирозлари асосли эканлиги маълум бўлди. Шаҳар газ идораси билан олиб борилган музокаралардан натижа бўлмагач, жамият томонидан фуқаронинг ҳуқуқини ҳимоя қилиш мақсадида судга даъво аризаси киритилди.

2022 йилнинг 24 август куни фуқаролик ишлари бўйича Кармана туманлараро суди биносида тарафларнинг иштирокида, даъвогар Навоий шаҳар истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамияти фуқаро Тошева Нодира Жўраевна манфаатида жавобгар “Навоийшаҳаргаз” таъминотига нисбатан “мансабдор шахснинг хатти-ҳаракатларини ғайриқонуний деб топиш ва маънавий зарар ундириш ҳақида”ги даъво аризаси бўйича фуқаролик иши кўриб чиқилди.

– Суд Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик процессуал кодекснинг 249-253-моддаларини қўллаб, жавобгар - “Навоийшаҳаргаз” таъминоти мансабдор шахсларининг хатти-ҳаракатларини ғайриқонуний деб топиш, фуқаро Н.Тошеванинг хонадони бўйича ҳисобланган 3 миллион 418 минг 189 сўм миқдордаги нореал қарздорликни бекор қилиш, жавобгар ҳисобидан давлат даромадига 900 минг сўм миқдорида давлат божи ҳамда манфаатдор шахс - Нодира Тошеванинг фойдасига 500 минг сўм миқдорида маънавий зарар ундириш тўғрисида ҳал қилув қарорини қабул қилди, – дейди Навоий шаҳар истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамияти раҳбари Равшан Пардаев. – Муаммо ҳал этилди - фуқаронинг мурожаати қаноатлантирилди, унинг бузилаётган ҳақ-ҳуқуқлари ҳимояланди.

Ўзбекистон истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятлари федерацияси ва унинг қуйи тузилмаларига фуқаролардан бўлаётган мурожаатлар таҳлилидан кўринадики, ариза, шикоят ва норозиликларнинг асосий қисмини юқоридаги каби нореал қарздорлик ҳисобланиши ҳолатлари ва унинг оқибатида келиб чиқаётган муаммоли вазиятлар ташкил этади.
Ҳақли савол туғилади: Нега? Бу юқоридаги каби хизмат кўрсатувчи ташкилотларнинг “Билса ҳазил, билмаса чин” қабилидаги иш услубими?

Сиз нима дейсиз?

                                                                                                                                                         Абдували Бўриев, ЎзА

                                                            


Ma `lumot

  • Toshkent sh, Islom Karimov 55
  • 1091
  • istemolchi@exat.uz
  • 09:00 to 18:00