Навоий вилоятида истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш борасида амалга оширилаётган ишлар ўз самарасини бермоқда. Хусусан, фуқароларнинг мурожаатлари асосида қатор муаммолар ижобий ҳал этилмоқда.
Нурота туманида яшовчи фуқаро Ж.И федерациянинг 1091 ишонч телефони орқали мурожаат қилиб, Хатирчи туманидаги савдо марказидан муддатли тўлов асосида харид қилган уяли телефонда муаммо мавжудлигини маълум қилган. Унинг таъкидлашича, “Samsung Galaxy A36 8/128GB Black” русумли телефонда МДМ дастури ўрнатилган бўлиб, бу ҳақда сотувчи томонидан олдиндан огоҳлантирилмаган.
Фуқаро бир неча бор дўкон маъмуриятига мурожаат қилганига қарамасдан, масала ечимини топмаган. Хатирчи туман жамиятининг аралашуви билан ушбу ҳолат атрофлича ўрганилиб, телефон сотувчига қайтарилди ва 6 миллион 948 минг сўмлик шартнома бекор қилинди. Шу тариқа фуқаронинг ҳуқуқлари тикланди.
Шунингдек, Хатирчи тумани “Майдон” маҳалла фуқаролар йиғинида яшовчи фуқаро А.Н ҳам жамиятга мурожаат қилиб, муддатли тўлов асосида харид қилган электроскутердан норози эканлигини билдирган. Унинг сўзларига кўра, 12 миллион сўмга сотиб олинган электроскутер сотувчи томонидан юқори қувватли деб таърифланган, аммо амалда у кам қувватли бўлиб чиққан.
Фуқаронинг эътирозларига қарамасдан, савдо дўкони ходимлари муаммони ҳал этмаган. Жамият ходимлари томонидан ўтказилган ўрганишлар ва ҳуқуқий тушунтиришлар натижасида, фуқарога олдиндан тўланган 400 минг сўм маблағ қайтарилди ва 12 миллион сўмлик шартнома бекор қилинди.
А. Бўриев, ЎзА
























